Паст Дарғомда вилоятда ягона мобил жавонга эга архив биноси фойдаланишга топширилди

         Бугун Паст Дарғом туманида “Ўзбекистонда давлат архивлари тизими ташкил топганлигининг 100 йиллиги” муносабати билан туманнинг янги архив биноси фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида  вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж.Ўроқов, туман ҳокими Ш.Худайбердиев, “Ўзархив” агентлиги директори М.Юсупов, соҳа фахрийлари ҳамда ходимлари ва меҳмонлар иштирок этди.

      Янги бино қурилиш ишларига 1 миллиард 158 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланган. Шунингдек, бино энг замонавий жиҳозлар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган. Асосийси бино  вилоятда ягона ҳисобланган мобил жавон билан жиҳозланган.

Бугун  архив идорасида 71 минг 564 та сақлов бирлигидаги ҳужжатлар мавжуд. 11 нафар ходим ишлайдиган архив идорасида охирги икки йилда 952 сақлов бирлигида ҳужжатларнинг 58 минг кадр электрон варианти яратилди. Бугунги кунда ташкилотга бир ойда 300 нафарга яқин одам турли йўналишлар бўйича мурожаат қилиб келмоқда.

      –  Идоранинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб, архив муассасалари ишчиларининг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, ҳужжатларнинг сифатли сақланиши учун шарт-шароитларни замонавий кўринишга келтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди “Давлат архиви” туман филиали директори Абдураззоқ Диёров. – Бу борада туманимизда ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бунга шундай шодёнага сабаб бўлган мана шундай бинонинг қурилганлигини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Табиийки, том қисми хароба, жиҳозлари маънан эскирган бинода замонавий хизмат татимайди.  

Тадбир давомида  соҳа ходимлари ва фахрий меҳмонларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари топширилди.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM