Зиёратгоҳлар

                                                                                                                                                               “Ошиқ ота” зиёратгоҳи.
    Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида бугунги кунда Ошиқ ота маҳалласида жойлашган “Ошиқ ота” зиёратгоҳи туманимизнинг энг диққатга сазовор зиёрат жойлардан бири ҳисобланади. Мазкур зиёратгоҳ, Зарафшон (қадимги Куҳак) дарёсининг жануб қирғоғида жойлашган бўлиб, туманимизнинг куҳна қабристони ўртасида “Ошиқ ота” авлиё мақбараси қад кўтариб, атрофида бир неча ўз даврининг азиз уломолари бўлган зотларнинг ҳам қабрлари мавжуд.  Бу мақбара ёнида Абу Муъин Шайх (таваллуд вақти маълум эмас вафоти 1112 ҳижрий йил),  Амир Ҳайдар Ибн Амир Муҳаммад Хуросоний (вафоти ҳижрий 958 йил) мақбаралари  мавжуддир. Ўз даврида “Мўминлар шайхи” мақомида бўлган Шайх Абдул Карим (вафоти ҳижрий 1017 йил) каби бир неча улуғ алломаларнинг қабр тошлари мавжуд. Самарқанд Давлат  музейи қўриқхонаси қўлёзмалар фондида сақланаётган “Самарқанд Авлиёлари қабри” қўлёзма рўйхатида, бу зот Ошиқ Атойи машхур номи билан келтирилган. “Ошиқ ота” маҳалласида ўз замонасининг тасаввуф олимларидан бири Мавлона Ошиқ отанинг асли исми “Мавлона Мир Неъматуллоҳ Ошиқ” деб келтирилган. Шунингдек ушбу ҳужжатларда  Мавлона Мир Неъматуллоҳ Ошиқ Ота зиёратгоҳига тегишли ерларнинг вақфи тўғрисидаги ҳужжатлардан қимматли маълумотлар олиш мумкин. Ҳазрати Мавлона Мир Неъматуллоҳ Ошиқ Ота асли ким бўлган, исми, касби, қаерда қачон туғилган деган саволлар бироз ўйлантирсада, аммо бу ернинг зиёратига бир келиб кетилса, киши кўнгли равшан топиб, саволларга ўрин қолмасдан, инсон қалбида илоҳий бир сокинлик пайдо бўлади.  Ҳазрати Мавлона Неъматуллоҳ Ошиқ Ота таълим-тарбия ривожида, устозлар хизматида, шогирдлар камолоти негизида, йиллар давомида нур сочиб, яратганнинг ишқидаги мажзублиги оқибатида муршид ва муридлар  нигоҳию таъбирида Мавлоно Ошиқ Ота нисбатини олдилар. Бу зотни исмига Ошиқ Ота номини қўшиб айтилишидан сабаб шуки, Аллоҳни хақиқий ошиқларидан бўлганлигига нисбат берилган. Ота номини қўшилишига эса,  бутун мусулмон оламига маънавий Ота ҳисобланган. Жумладан, тарихлардан маълум бўлишича, Аллоҳнинг Пайғамбарлари ва Авлиё бандалари бошқа барча инсонларга маънавий жихатдан Ота ҳисобланган. Ҳазрати Мавлоно Мир Неъматуллоҳ Ошиқ Ота улуғ авлиёлардан бўлиб, кўплаб каромат соҳиби бўлган. Ўз замонасида қаттиқ дардга чалинган инсонлар бу зотнинг дуолари сабабидан Аллоҳнинг изни билан  шифо топган. Мана бир неча йилдирки, Ҳазрати Мавлоно Мир Неъматуллоҳ Ошиқ Отанинг қабрлари устида қад кўтарган мақбарага кўплаб зиёратчилар келиб, зиёрат қилиб, руҳий сокинлик ва маънавий озуқа олиб келишмоқда. Ҳазрати Мавлоно Мир Неъматуллоҳ Ошиқ Ота ўз фаолияти давомида “Девон” тузганлиги, унинг етук шеърятдан ҳам олий мақомот соҳиби бўлганлиги ҳақида ҳам маълумотлар бор. Мазкур девон унинг “Девони ошиқ” асари ТошДШИ ШКМ фондида сақланмоқда.  
     Хуш, биз нима учун ўтмишда ўтган азиз-у авлиёларимизни қабрларини йиллар мобайнида зиёрат қилиб келамиз? Чунки, Аллоҳ таоло ўз каломи бўлмиш Қуръони Каримда “Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар. Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир. Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор.” (Юнус сўраси 62-63-оятлар) яна бир оятда “Аллоҳнинг йўлида қатил бўлганларни ўликлар деб ҳисобламанглар Балки, улар – тирик, Роббилари ҳузурида ризқланмоқдалар” (Оли Имрон сўрасининг 169-оятида) деб марҳамат қилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллоллоҳу аълайҳи ва салламнинг ҳадисларида “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” дейилган. Мутааххирин уломоларнинг таърифида шундай дейилган “Қилич қинидан чиққанда, унинг кескирлиги кучли бўлганидек, авлиёларнинг руҳи танасидан чиқгач, уларнинг руҳи ҳам шу қилич каби ўткир бўлур”. Шу сабаб азиз авлиёларнинг дунёдан ўтгандан сўнг ҳам ҳурмати жойига қўйилиши шарт. Бизнинг мусулмон диёрларда азиз-у авлиёларга мақбара барпо қилиш шу сабабли жорий қилинган. 
Бугунги кунда ҳам Ҳазрати Мавлоно Мир Неъматуллоҳ Ошиқ Ота кароматларини, ихлос билан келиб зиёрат қилган киши албатта билади. Халқ тилида бу зотни мақбараси ёнида Сугал ота қабри бор, бир томонида эса Чилла ота қабри бор дейишади;  Негаки – бу зотнинг зиёратига ихлос билан келиб хоки-покларини ният қилиб суртганда сугаллари тўкилган ва чашма сувидан ювиниб, чилла касалликларидан ҳамда уша сувдан истеъмол қилганда кўк йўталларга даво бўлганини кўриб, шундай номлашади. 
Аслида бу ҳодисалар  Ҳазрати Мавлоно Мир Неъматуллоҳ Ошиқ Отанинг Аллоҳ инъом қилган кароматларидандир!  

    “ZARAFSHON”газетасининг 2018 йил 25-январ 
10 (22.970)-сонининг “Маърифат” рукни остида “Пастдарғом зиёратгоҳлари” номли мақолада ёритилган.

“ПАСТ ДАРҒОМ ҲАҚИҚАТИ”газетасининг 2018 йил 
10-январ 1 (7620)-сонининг “Пастдарғом тумани тарихи” рукни остида “Аждодлари эъзозланган юрт” номли мақолада ёритилган.

 


Мавлона Мир Неъматуллоҳ Ошиқ Ота қабри


Мавлона Мир Неъматуллоҳ Ошиқ Ота мақбараси


Ҳижрий 1017-йилларда қўйилган қабр тошлари


Ҳижрий 1230-йилларда Мавлона Мир Неъматуллоҳ Ошиқ Ота мақбараси учун ажратилган ер вақфномасидан, терига битилган ва подшохлар томонидан тасдиқланган вақфнома намуналари

2015-2019 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM