ЯНГИ ТЕХНОЛОГИЯ кам харажат, кўп даромад…

Бўстон маҳалласида уй тиклаётган усталарнинг ишига ўтган ҳам қарайди, кетган ҳам. Кечаги пойдевор ўрнида бугун бино қад ростлабди. Қизиғи, бу ерда на қоришма тайёрланаяпти, на қум, цемент бор.

Бўстон маҳалласида уй тиклаётган усталарнинг ишига ўтган ҳам қарайди, кетган ҳам. Кечаги пойдевор ўрнида бугун бино қад ростлабди. Қизиғи, бу ерда на қоришма тайёрланаяпти, на қум, цемент бор. Силлиқ деворга сувоқ ҳам лозим эмасдай. Маълум бўлишича, Жума таъмирлаш механика заводининг бир қисмида ана шундай объектни тез тиклаш имконини берадиган газоблок ишлаб чиқарилаётган экан.  Ана шу ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишдик.

- Завод ҳудуди кенг, имконият ва шарт-шароитлар етарли, - деди акциядор Собир Абдураимов. – Республикадаги кўплаб пахта тайёрлаш заводлари учун эҳтиёт қисмлар, пахта тойларини ўраш симларини етказиб бераётган корхона кейинги пайтларда буюртмалар йўқлиги туфайли тўхтаб қолди. Бу ерда бошқа ишлаб чиқариш йўналишини ташкил этиш учун олиб борган саъй-ҳаракатлар зое кетмади.

Дарвоқе, бугунги кунда корхонада сармоядор томонидан дастлабки 1 миллиард 100 миллион сўмлик инвестиция киритилди. Шартномалар имзоланиб, Россия давлатидан « Алтайстроймаш» русумли замонавий технологиялар олиб келиниб, мутахассислар томонидан ўрнатилди.

- Бундай қурилиш маҳсулоти бу ҳудудда илк бор ишлаб чиқарилаяпти,- деди «GOLD BRIDGE» МЧЖ корхонаси иш бошқарувчиси Аҳрор Мавлонов. – Ишлаб чиқариш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган. Шу йилнинг апрель ойида ишга туширилиши кўзда тутилган цех фаолияти 3 ой бурун тўлиқ йўлга қўйилди. Ишчиларнинг дастгоҳлар билан ишлаш жараёнлари бўйича кўникма олиши бирмунча қийин кечди. Чунки ишлаб чиқаришдаги ҳар бир камчилик маҳсулот сифатини бузади.

- Қандай ўлчамдаги газоблоклар тайёрланаяпти?  Қурилишда янги бу технологиянинг қўлланиши афзалликлари нимада?

- Буюртмачиларнинг эҳтиёжига қараб, 8 хил ўлчамдаги маҳсулот тайёрлаш мумкин. Ҳозирча буюртмачининг талабига кўра, эни 10, 15, 20 сантиметр бўлган, узунлиги 60, баландлиги 30 сантиметр ҳажмдаги маҳсулот ишлаб чиқарилаяпти. Бу ўртача 20-22 та пишиқ қишт ҳажмини қоплаш имконини беради. Янги технология асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг афзаллик тарафлари кўп. Аввало, иссиқ-совуқни бир хилда сақлайди. Кўп қаватли барпо этишда пишиқ ғишт ва бошқа қурилиш материалларига нисбатан бино вазни енгил бўлади. Бундан ташқари, девор тиклаш, пардозлаш ишларига талаб қилинадиган қум, цемент ва бошқа қурилиш ишларига ишлатиладиган қоришмалар талаб қилинмайди. Махсус елим билан девор тикланади. Девор сатҳи сувоқ қилинмайди, фақат эҳтиёжга қараб, енгилгина пардозлаш кифоя. Қисқаси, янги технология кам харажат қилиб, кўп даромад олиш имконини беради.

- Яна бир савол. Бир кунда қанча маҳсулот ишлаб чиқарилаяпти? Ишлаб чиқариш ҳажми буюртмачилар эҳтиёжини қондираяптими?

- Ҳар куни 22 куб/ метргача газоблок тайёрланаяпти. Бу 600-650 тагача газоблок дегани. Бундан кўринадики, бир кунлик маҳсулот 16800 та пишиқ ғишт ўрнини қоплайди. Қурилиш маҳсулотининг бу тури кўпчилик учун ҳали янгилик. Аксарият қурувчилар унинг афзаллик томонларидан бехабар. Хабардорлар эса кўп қаватли уйларни бунёд этишда унинг ҳар томонлама «қўл» келишини аллақачон англашган.  Ҳозирча ҳар куни қурилиш ташкилотларига 300-350  ва ундан ортиқ газоблоклар етказилиб берилаяпти. Эҳтиёжнинг ортишига қараб, бир кунлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 30 метр/кубгача етказиш имкониятимиз бор.

- Газоблок таркибига нималар қўшиладики, вазни анча енгил?

- Қуритилган ҳолатда ҳар донаси 18 килограммни ташкил этади. Маҳсулот таркибига цемент, альюмен упаси, каустик сода, сульфат натрий каби элементларнинг меъёрида қўшилиши маҳсулот сифатини кафолатлайди.

- Корхона ишчиларининг кайфиятлари кўтаринки. Демак, меҳнатлари эвазига манфаатдорликдан мамнун…

- Корхонани ташкил этишдан мақсад ҳам, биринчи навбатда, ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириш, манфаатдорликни оширишдан иборат. Бугун бу ерда уч ойдан буён меҳнат қилаётган 30 нафарга яқин ишчилар яратилган шароит, рўзғор тебратиш учун муқим иш ўрнига эга бўлганликлари, моддий таъминот эҳтиёжларини қоплаётганидан мамнун. Бу ерда меҳнат қилаётганлар учун бепул тушлик, дам олишлари учун шарт-шароит, узоқдан қатнайдиганларга ётоқ жойлари муҳайё.  Шу боис, Сирожиддин Аҳмедов, Фахриддин Маматқулов, Шуҳрат Рўзиевлар тез кунда янги технологиялар сир-асрорини ўзлаштириб олишиб,  «Устоз-шогирд» анъаналарини бошлаб юборишган. Ишчиларнинг ўртача иш ҳақлари 1800-2 миллион сўмни ташкил этади. Ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишига қараб, бу миқдор янада ошади.

 Инсон доим эзгу мақсад ва режалар билан яшайди, шу аснода меҳнат қилади.  Инвестор Акбар Абдураимов шу ерда келгусида Украина давлати билан ҳамкорликда  электрод ишлаб чиқариш цехини барпо этишни мўлжаллаяпти. Демак, эзгу ниятлар амалида собиқ Жума таъмирлаш механика заводининг олдинги салоҳияти қайтадан тикланиб бораверади. Бу масканда яна кўплаб кишилар муқим иш ўринларига эга бўлишади.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM