Пастдарғомда янги корхона иш бошлайди

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом тумани қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган, саноати ривожланиб бораётган ҳудудга айланмокда.

Ҳозирда туманда 250 дан ортиқ саноат корхонаси фаолият кўрсатаётир. Улар томонидан 2018 йилда 12 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот хорижга экспорт килинди. Жорий йилдаги мўлжал бу кўрсаткични 14 миллион АҚШ долларига етказиш. Бугунгача тадбиркорлик субъектлари томонидан 8 миллион 400 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот чет элга йўналтирилди. “2019-2020 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури” буйича амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора кенгаймокда.Мустакиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилиши мўлжалланган йирик лойиҳалардан бири туманнинг “Чархин” қўрғони ҳудудидаги “Самарқанд – Камалак – Инвест – Текстиль” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонасидир. Замонавий пахта тўқимачилик кластери томонидан Нуробод ва Пастдарғом туманларидаги 11,5 минг гектар ерда оқ олтин етиштирилмокда. Чигитни экишдан тортиб, уни ундириб олиш, ғўза парвариши, ҳосил пишиб етилгунича бўлган даврдаги барча агротехник тадбирлар кластер корхонаси томонидан амалга оширилмоқда. Натижада экиннинг ривожи яхши. Бу йил кластер далаларида тайёрланадиган пахтани қайта ишлаш ҳисобидан олинадиган 6 минг тонна толадан шу ернинг ўзида илк марта ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.Корхона Швейцариянинг “Рейтер”, Туркиянинг “Темсан”, Япониянинг “Мурато” сингари нуфузли фирмалари технологияси асосида ишлашга мўлжалланган, тайёрланадиган маҳсулот тўлиқ жаҳон стандартлари талабларига жавоб беради. Умуман, ривожланган давлатлар тажрибаси барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш, инвестицион фаолиятни ошириш, рақобатбардош товарлар ишлаб чиқаришда кластернинг аҳамияти юқори эканини кўрсатмокда. Тадбиркорларнинг саъй-ҳаракатлари билан илгарилари ишлатилмай ётган қарийб тўрт гектар бўш ер ўрнида йирик пахта-тўқимачилик кластери корхонасининг тикланаётгани инновацион ривожланиш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир.Корхонадаги барча ишлаб чиқариш жараёнлари автоматлаштирилган бўлиб, компьютерлар ёрдамида бошқарилади. Пахта толасини қайта тозалаш, саралаш, ундан ип йигириш, унинг сифатини таъминлаш ишлари мутахассисларнинг қатъий назорати остида амалга оширилади. Корхонада чанг ва бошқа зарарли ғуборлар таъсирини камайтириш, намгарчиликни сақлащ мақсадида махсус ҳаво тозалагич-вентилятор, фиксаж ускуналари ўрнатилган. Уларнинг фойдали жиҳатлари кўп.

– Одатда пахта-тўқимачилик корхоналарида махсус ҳаво тозалагич ёки фиксаж ускунасининг ўрнатилмаганлиги боис ип-калава таркибидаги чанг-ғуборлар кўпайиб, меъёрдаги намлик камайиб кетади, – дейди туркиялик мутахассис Эждар Акташ. – Бу ҳол маҳсулотнинг сифати, унинг харидоргирлигига салбий таъсир кўрсатади. Ип-калавадан тайёрланадиган трикотаж маҳсулотларининг умри қисқаради. Кластер усулида ишлаётган ушбу корхонада Германия технологияси асосида ўрнатилган аппаратлар ҳар қарич ипни нуқсонсиз, аъло сифат билан чиқарилишини таъминлайди. Бундан ташқари, ишчи-хизматчиларга замонавий технологияларни бошқариш ўргатилмоқда. Буларнинг ҳаммаси маҳсулотларимизнинг рақобатбардош бўлишини таъминлайди.Кластерчилар келгуси йил корхона қувватини янада ошириб, ип-калавадан тайёр маҳсулот чиқаришни мўлжалламокда. Шу тариқа ишчилар сони 300 нафарга етади.Туманда лойиҳадан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ўтаётган корхоналар сони ортиб бормокда. “Гамма – Виндов – Систем” корхонаси ҳам шундай йирик ишлаб чиқариш бўғинларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда бу ерда ПВС кукунидан ва бошқа аралашмалардан акфа ром ва эшиклар учун елимли гамма профиль материаллари тайёрланмоқда. Ишчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади.Корхонада Хитой технологияси асосида иш юритилиб, пластик профиль маҳсулотлари белгиланган стандарт талабларига тўлиқ жавоб беради. Шу боисдан унга талаб катта. Ҳозирги кунда саноатчилар янги турдаги профиль материалларини ишлаб чиқариш лойиҳаси устида бош қотирмокда.Президентимизнинг 2018 йил 16 мартдаги “Самарқанд вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида туманда учта кичик саноат зоналари ташкил этилди. Шулардан бири “Фурқат“ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фойдаланилмай ётган тўрт гектар ерда олтита истиқболли лойиҳа жойлаштирилди. Иш бошлаган тадбиркорлар учун ҳар томонлама қулайлик ва имкониятлар яратилган. Хусусан, “Бизнес-Реал” корхонасида замонавий эшик ва мебеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бу ерда тайёрланаётган диван, кресло, стол-стул сингари уй-рўзғор жиҳозлари замонавийлиги билан хорижникидан қолишмайди. Шу боисдан ҳам тадбиркорлар келгусида уни чет элга экспорт қилишни мўлжалламокда.“Достон сайёра” хусусий корхонасида эса қурилишбоп газаблок маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётир. Енгил, сувда чўкмайдиган, ғоваксимон, совуқ ва иссиқни ўтказмайдиган бу деворбоп маҳсулот ҳар томонлама қулай ва самарали ҳисобланади. “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси томонидан олинган 120 миллион сўм имтиёзли кредит асосида иш бошлаган тадбиркор яқин келажакда ўз маҳсулотларини Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон давлатларига чиқариш устида иш олиб бормокда.Албатта, амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорлик фаолиятининг кенг йўлга қўйилиши туман иқтисодиётининг барқарор тараққиётида муҳим ўрин эгаллайди. Буларнинг ҳаммаси қишлоққа саноатни олиб кириш, маҳсулотни экспорт қилиш, аҳолини иш билан таъминлаш, уларнинг турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган эзгу амалларнинг ижобатидир.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM