Ассалому алайкум, азиз пастдарғомликлар!

Кўклам нафаси кўнгилларимизга беғубор ҳис-туйғулар уйғотаётган ушбу қутлуғ кунларда сиз, азиз пастдарғомликларни янгиланиш ва яшариш айёми, меҳр-оқибат, эзгулик, яратувчанлик ва гўзаллик рамзи, миллий қадриятларимиз тимсоли бўлган Наврўзи олам билан чин қалбимдан табриклайман.
 
Шундай фарахбахш кунларда халқимиз бир-бирларини қутлаб, дала ва қирлар, боғ ва майдонларда Наврўз байрамини шоду хуррамлик билан нишонламоқдалар. Дошқозонларда сумалаклар пишириб, дастурхонларга баҳор неъматларини тортиб, сайил-томошалар қилмоқдалар. Шу ёруғ кунларга етказгани учун шукроналар айтмоқда.

Қадрли тумандошлар!
 Бу йил баҳор ҳар қачонгидан серёмғир келди, бугун бундан илҳомланиб, фидойи деҳқон ва фермерларимиз катта орзу-умид билан ерга уруғ қадашмоқда. Барчамиз уларни чин дилдан табриклаб, йилимиз қутлуғ келсин, ҳосилимиз мўл бўлсин, деб энг эзгу тилакларимизни билдирамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизлардан Президентимиз томонидан эълон қилинган «Яшил йиллик» умуммиллий тадбири доирасида хонадон ва кўчаларингизга мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазишни,  қолаверса, ўз томорқангизга картошка, сабзи, пиёз каби полиз экинларини экишингизни сўраб қоламан. Боиси олинган ҳосил дастурхонингизни тўлдиради, рўзғорингизга қўшимча даромад бўлади.

Наврўз – кириб келаётган Йил боши илоҳим юртимизга қут-барака, халқимизга тинчлик, хотиржамлик ва фаровон ҳаёт олиб келсин. Ҳар бир хонадон бахт ва қувонч қўрғонига айлансин! Яна бир бор Наврўз байрамингиз муборак бўлсин, азиз пастдарғомликлар!

Шунқор Худайбердиев, Пастдарғом тумани ҳокими

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM