Пастдарғом туман ҳокими ўринбосари-Инвестиция ва ташқи савдо, саноатни ривожлантириш бўлими бошлиғи Жамшид Пардаев иштирокида "Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари қонун ҳимоясида" мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди

Тадбиркорлик фаолияти субъектлари  белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслардир.

Тадбиркорлик фаолияти эркинлигини кафолатлаш тамойилидан келиб чиқиб, ушбу соҳадаги қонунчиликда ихтилофлар вужудга келганда тадбиркор манфаатини ҳимоялаш устуворлигини ва қонунчиликдаги зиддиятлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин қилинишини юртимизда тадбиркорлик ривожига хизмат қилади.

2019 йил 12 ноябрда “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-583-сон Қонунининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ва бузилган ҳуқуқларини тиклашда муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур Қонунга кўра Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Солиқ кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс, “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Қонунларга Бизнес-омбудсман фаолияти билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан:

- Бизнес-омбудсман ва унинг девони ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик ҳолати бўйича мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланди;

- Бизнес-омбудсман ва унинг девони ходимлари томонидан тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик, қонунга хилоф равишда аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённома тузилиши белгиланди;

- Бизнес-омбудсман – тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинди;

- Бизнес-омбудсманга тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ (тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган низолар ва тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар бундан мустасно) фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича биринчи инстанция судларининг қонуний кучга кирган ва апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарорлари устидан кассация ҳамда назорат тартибида шикоятлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Бизнес-омбудсманга берилган мазкур ҳуқуқ ва ваколатлар тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди

Тадбиркорлик фаолияти субъектлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириши мумкин;

Эътибор беринг, баъзи ҳолларда эса  фаолият турлари қуйидаги омиллар билан  чегараланган:

ташкилий–ҳуқуқий шакл билан. Масалан, оилавий тадбиркорлик учун заҳарли моддалар билан боғлиқ фаолият тури тақиқланган;

лицензиялар ва рухсат этувчи ҳужжатлар билан. Масалан, аудиторлик фаолияти сертификати  бўлган аудиторларнинг сони, суғурта полисининг мавжудлиги.

юридик шахс бўлган бошқа тадбиркорлик субъектларининг муассислари (иштирокчилари) бўлиш;

мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

ўз фаолияти йўналишларини, товарлар  етказиб берувчиларни ва ўз товарларининг (ишларининг, хизматларининг) истеъмолчиларини мустақил равишда танлаш;

тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олиш;

ўз товарларини (ишларини, хизматларини), ишлаб чиқариш чиқиндиларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилиш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

барча ишлаб чиқариш харажатларининг ўрни қопланиб, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган даромадни (фойдани) эркин тасарруф этиш;

тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ёки қилмаслик ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.  Аммо ўз ҳуқуқларини яхши  билган тадбиркорлар янада  кучли, самарали ва қудратли бўлиши муқаррар.

 

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM