Пастдарғомда хонадонларда интенсив усулда балиқ етиштирилиши режалаштилирмоқда

Пастдарғом туман ҳокими Шунқор Худайбердиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Gold Fish Agro” балиқчилик кластерида бўлди.
Бундан кўзланган мақсад ушбу балиқ чавоқлари етказиб беришга ихтисослаштирилган корхона билан алоқаларни йўлга қўйиб, тумандаги балиқ етиштиришга қизиқиши бор хонадонларда интенсив балиқ етиштиришни ташкил этиш. Шу орқали  оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ҳар бир хонадонда даромад манбаи яратиш, провардида туманда камбағалликни қисқартириш.
Маълумот учун, лойиҳа қиймати 30 миллиард сўмни ташкил этадиган “Gold Fish Agro” масъулияти чекланган жамияти увилдириқларни тайёрлашдан тортиб, балиқ етиштириш, қайта ишлаш, ем ишлаб чиқаришни қамраб олган.
Кластер майдони 43 гектар бўлиб, шундан 4 гектарида интенсив ва ярим интенсив усулда балиқ етиштириш йўлга қўйилган. Сунъий ҳовузларда Хитой технологияси ўрнатилган. Бу доимий сув талаб қилмайди, балки ўзидаги сувни қайта айлантириб ишлайди. Ҳозир ҳар бир сунъий ҳовузда мингтагача сазан боқилмоқда. 2 гектар майдонни эгаллаган сунъий кўлларда эса ярим интенсив усулда балиқ парваришланмоқда.
Умуман, кластер йилига 500 тонна балиқ етиштириш қувватига эга. Шу ернинг ўзида балиқни қайта ишлаш цехи, 800 тонна сиғимли замонавий музлатгичлар ҳам бор.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM