Пастдарғомда от спорти мажмуаси очилди

Шу йил 5 августда Президентимизнинг “Чавандозлар мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мамлакатимизда от спорти турларини ривожлантириш, чавандозлик анъаналарини давом эттириш, ёшларнинг мазкур спорт турига қизиқишларини орттиришда қарор муҳим аҳамият касб этади.

Қарор ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси туман қуриқлаш бўлимида биринчи марта от спорти мажмуаси қуриб фойдаланишга топширилди. Бугун мажмуанинг тантанали очилиш мароси бўлди. Шахсий таркиб хизматчилари саф тортган майдонга ота-оналар, спортнинг бу турига қизиқувчи ёшлар тўпланишди. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қумондони ўринбосари, полковник Зафар Бўронов, вилоят бошқармаси бошлиғи, полковник Лочинбек Яхшиликов ҳамда туман ҳоким Шунқор Худайбердиевлар юртимизда қора байир зотли отларни етиштириш, от спорти турларини ривожлантирилишига қаратилаётган эътибор, қадриятларимизни қадрлаш, ёшларнинг чавандозлик анъаналарини давом эттиришини таъкидлаб ўтишди. Шу мақсадда ташкил этилган чавандозлар мактабининг бу секцияси кўплаб қизиқувчи ёшлар учун учкураш, поло, замонавий бешкураш ҳамда улоқ кўпкариларда чиниқиш, тобланиш учун дастлабки босқич бўлиши шубҳасиз. Бундан ташқари, шахсий таркиб хизматчилари зарур пайтларда жиноятчиликни олдини олиш, осойишталикни таъминлашда бу уловлардан фойдаланиши ўз самарасини беради.

Тадбирда бир гуруҳ шахсий таркиб хизматчилари халқ хўжалиги объектларини қуриқлаш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасидаги совға-саломлар билан тақдирланишди. Тадбир якунида от спорти мураббийлари томонидан ташкил этилган улоқ кўпкари, тўсиқлардан сакраш, учкураш баҳслари намойиш этилди.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM