МАҲАЛЛАЛАР РЕЙТИНГ БАҲОСИ ҚАНДАЙ? 

     Бугун,  кун тартибидаги масалаларга алоқадор  ҳоким ўринбосарлари,  маҳаллалар раислари,  ташкилот ва корхоналар раҳбарлари,  сиёсий партиялар вакиллари  иштирокидаги қирқ биринчи сессияни туман Кенгашининг раиси  Ш. Худайбердиев  олиб борди. 
    Унда дастлаб туман бандликка кўмаклашиш маркази директори Ў. Шукуровнинг  "Аҳоли,  хусусан,  аёллар ва ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган  ишлар"  юзасидан ҳисоботи эшитилди. 
  Таъкидланганидек,  йилнинг ўтган даврида  1657 нафар фуқаро ишсизлик бўйича мурожаат қилган.  Уларнинг ярмидан кўпроғи аёллар,  қолгани  меҳнатга лаёқатли 30 ёшгача бўлган ёшлар.  444 нафар фуқаро мурожаатлари ижобий ҳал этилган.  Яна 79  нафарига ишсизлик мақоми берилган ва нафақа тайинланган. Бандлик жамғармаси ҳисобидан уларга 108,5 миллион сўм  тўлаб берилган. 
  -- Кейинги пайтда  болалари учун нафақа ёки моддий ёрдам  сўралган мурожаатлар кўпайган.  Сабаби ишсиз кўп,  ишсизлиги бўйича бандлик марказида қайд этиш суст. Шу сабабли  улар белгиланган мезон бўйича нафақа ёки моддий ёрдам ололмаяпти. Бу масала бандлик марказини нега "безовта"  қилмаяпти? 
   Кенгаш раиси томонидан бўлган бу эътироз ўринли ва бундан кейин бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси  билан бандликка кўмаклашиш маркази  ҳамкорликни кучайтириш,  ночор оилалар қўллаб-қувватланиши айтилди. 
  Ҳоким ўринбосари М. Санақулова ўтган олти ойда маҳаллалар фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижаларини депутатларга ҳавола қилди. 
- Масъул идора ва ташкилотлар, маҳалла фуқаролар йиғинларитомонидан тақдим этилган маълумотлар,  таҳлил,  жойига чиқиб ўрганишларга асосланиб маҳаллалар рейтинги аниқланди,--деди маърузачи.--Шунга кўра 21 та маҳалла "намунали",  43 таси  " яхши",   39  та "қониқарли"  баҳоланди. Ғулакандоз,  Чортут,  Катта найман,  Мароканда  маҳаллалари  "қониқарсиз"лиги маълум бўлди.  Намунали маҳаллалар фаоллари ишини оммалаштириш,  рағбатлантириш,  паст натижа қайд  этган гўшанинг оқсоқоллари фаолиятини  муддатидан олдин тўхтатишни  депутатларга ҳавола этилади. 
   --Бир оқсоқолнинг маҳалла ҳақиқий бошчи сифатида шаклланиши учун вақт,  тажриба керак.  Ҳозир номлари келтирилган маҳаллалар ишини  ишчи гуруҳи тузиб олдин ўрганайлик,  кейин бир тўхтамга келган маъқул,--деди  депутат Н. Алиев муҳокамада сўз олиб. 
--  Чортут сайлов округидан депутатман. Келтирилган  мезонлар бўйича маҳаллада иш бор,  оқсоқолнинг ўрни бор. Билишимча,  маҳалла ва оилани қўллаб--қувватлаш бўлимидан маҳаллага амалий ёрдам йўқ,--дея ўз эътирозини билдирди  депутат У. Холмуродов. 
      Сессияда " Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдам,   "Бунёдкор обод Паст Дарғом" ДУКнинг амалга оширган  ҳомийлик ишлари,  туман Кенгашининг 23 июлдаги қарорига ўзгартириш киритиш,  "Саховат ва кўмак"   жамғармаси ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашга доир масалалар ҳам қараб чиқилди. 
  Кун  тартибидаги барча масалалар  юзасидан қарор лойиҳалари муҳокамалардан сўнг  депутатлар томонидан тасдиқланди.
              Бахтиёр Шукуров.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM