Ўн икки минг байтга тенглаштирилган ғазал

Алишер Навоий 1441 йил 9 февралда Амир Темурнинг ўғли Шоҳрух мирзо ҳукмронлиги даврида Ҳиротда туғилди. Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ» асарида маълумот берилишича, шоирнинг туғилган санаси ҳижрий 844 йил рамазон ойининг 17-кунида бўлиб, товуқ йилига тўғри келади. Унинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад (уни Ғиёсиддин Кичкина деб ҳам аташган) темурийлар саройининг амалдорларидан, онаси (исми маълум эмас) Кобул амирзодаларидан Шайх Абу Саид Чангнинг қизи бўлган. Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаъи саъдайн» ва Мирхонднинг «Равзат ус-сафо» асарларида келтирилишича, Алишернинг бобоси Амир Темурнинг ўғли Умаршайх билан эмикдош (кўкалдош) бўлган. Навоий «Вақфия» асарида ўз ота-боболарининг темурийлар саройида юқори мавқеда бўлганликлари ҳақида шундай ёзади: «...бу хокисорнинг ота-бобоси ул ҳазрат (султон Ҳусайн Бойқаро)нинг бобо ва аждоди хизматларида... улуғ маротибқа сазовор ва бийик маносибқа комгор бўлғон эрдилар». Алишернинг тоғалари Мирсаид Кобулий ва Муҳаммад Апи Ғарибийлар ҳам шоир булишган. Бўлажак шоир ана шундай муҳитда, алоҳида тарбия ва назоратда ўсади. Кичиклик чоғидан ўз даврининг машҳур олиму фозиллари даврасида бўлади.

 Алишер 10-12 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг:

Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш

матлаъли ғазалини тинглаб: "Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим..." деган. Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилган. Шеърларини туркийда Навоий, форсийда Фоний тахаллуслари билан ёзган.

 

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM