“Қатор терак”даги бетон завод Паст Дарғом туман ободонлаштириш дирекциясига қарашли

“kun.uz”сайтида “Паст Дарғомда корхона электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келган: МИБга ҳокимлик вакиллари тўсқинлик қилишди” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Мақолада келтирилган баъзи бир холатларга ойдинлик киритмоқчимиз. Унда келтирилган бетон заводи Паст Дарғом тумани «Қатор терак» маҳалласи ҳудудида жойлашган бўлиб, Паст Дарғом туман ободонлаштириш дирекциясига қарашли бўлган цемент маҳсулотларини қайта ишлаш заводи ҳисобланади. Ушбу завод лойиҳаси тузилаётган пайтда унинг ўрнида тутзор бўлмаган.

Аслида ушбу ер майдони туман ҳокимининг 2013 йил 2 октябрдаги қарорига асосан А.Темур номли массиви ҳудудидаги “Рўзибой Усмон Равшан РУР” фермер хўжалигининг раиси Р.Равшановнинг аризасига кўра 2,5 гектар ер майдони туман ҳокимлиги захирасига олинган.

Туман ҳокимининг 2019 йил 14 июндаги қарорига асосан туманда қурилиш бунёдкорлик ишларини жадал олиб боришда қулайликлар яратиш, ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотлар орқали қурилишларда ҳаражатларни камайтириш мақсадида ободонлаштириш дерексиясига бетон завод қурилиши учун “Қатортерак” маҳалласи А.Темур номли массиви худудидаги туман ҳокимлиги захираси бўлган 205 контурдаги эски бузилган тутзор ўрнидаги юқорида келтирилган 2,11 гектар ер майдони ажратиб берилган.

Паст Дарғом туман ободонлаштириш дирекциясига қарашли цемент маҳсулотларини қайта ишлаш заводининг электр ҳисоблагичсиз электр тармоғига тўғридан-тўғри уланганлиги ўрганилди.

Ўрганиш давомида Паст Дарғом туман ободонлаштириш дирекциясига қарашли цемент маҳсулотларини қайта ишлаш заводи томонидан Паст Дарғом туман электр таъминоти корхонасига жами 56 миллион 986 минг сўм зарар етказилганлиги ҳисобланди.

МИБ ходимларининг қонуний талабларини бажаришга қаршилик кўрсатилгани юзасидан Паст Дарғом туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув материаллари йиғилиб, ҳолат бўйича туман ҳокимининг ёрдамчиси Мардиев Асрор Абдуғаниевичга ҳамда туман ободонлаштириш дирекциясига қарашли бўлган цемент маҳсулотларини қайта ишлаш заводининг технологияларни ишга тушириш билан норасмий шуғулланиб келган ёлланма ишчи Аннабазаров Рамшид Алиқуловичларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўллаш бўйича иш қўзғатилди.

Бошқарув ва назоратда сусткашликка йўл қўйганлиги учун Паст Дарғом туман ободонлаштириш дирекцияси бошлиғи Аймаматов Шухрат Ураловичга туман ҳокимининг фармойишига кўра интизомий жазо, хайфсан қўлланилди.

 

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM