ЯНГИ ДИАГНОСТИКА МАРКАЗИ иш бошлади

Ўрта Чархин маҳалласида янги диагностика маркази иш бошлади. 
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги бундай қулайлик тадбиркор Шаҳобиддин Умаров ҳамда шифокор Музаффар Бобожоновларнинг саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилди. 
   - Дардмандга ширин калом ҳам малҳам, - деди Мароқанда маҳалласилик Садолат Қўйсинова. – Бу ерга келишимиз билан ширинсуханлик билан кутиб олган ҳамшира тегишли дўхтирга учраштирди. Текширув натижалари бўйича шифокорнинг маслаҳат ва тавсияларидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Шифо маскани яқинда иш бошлаган экан. Қулай шарт-шароит, самарали муолажа амалга оширилаётганлиги туфайли шифо истаганлар шу ерга келишаяпти. Ўзим ҳам икки кун қатнаб, марказ шифокорларидан мамнун бўлдим. Муҳими, шаҳарга қатнаш, кун бўйи шифокор қабулига навбатда туриш, асаббузарликлардан қутулдик. 

 Бош шифокор Музаффар Бобожоновнинг таъкидлашича, мазкур шифо масканида 15 нафар тиббиёт ходимлари меҳнат қилишаяпти. 5 хил касалликлар бўйича 4 нафар малакали шифокорлар беморларга хизмат кўрсатишмоқда. Аниқ ташхис қўйиш, турли таҳлиллар учун 360 миллион сўмлик энг замонавий тиббиёт анжомлари келтирилган.

Ҳудуддаги 20 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатаётган бу масканга бугун бошқа жойлардан ҳам мижозлар келишмоқда. Бу ерда қондаги барча ўзгаришларни, умумий миқдорини тўғри ва тез аниқлаш учун келтирилган анализатор беморга ташхис қўйишда қўл келмоқда. Бундан ташқари, бу тиббий ускунада гепатитнинг турли кўринишлари, лейкоз касаллиги ҳам аниқланаяпти.

Отабек ЭРГАШЕВ.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM