“Китоб байрами” оммавий сайлга айланди

Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида бошланган “Китобхонлик маданиятини юксалтириш – буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир” шиори остидаги “Китоб байрами” кенг халқ оммаси иштирокида ўтказилмоқда.

Тадбирнинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов бу йилги китоб байрами ҳар қачонгидан юксак савияда, уюшқоқлик билан ўтказилаётганини таъкидлади.

– Ҳар йили бу байрам вилоят ахборот кутубхона маркази ва ахборот ресурс маркази, икки-учта китоб дўкони ва айрим нашриётларнинг китоблари кўргазмаларидан иборат бўлар эди, – деди Р.Қобилов. – Бу гал эса тадбирга доимий қатнашчилар билан бирга вилоятдаги барча олий ўқув юртлари ахборот-ресурс марказлари, Самарқанд шаҳридаги мактаб, коллеж, академик лицейлар, корхона ва ташкилотлари ўз кутубхоналаридаги нодир асарлар билан иштирок этмоқда.

Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши тадбир иштирокчиларига мингдан ортиқ бадиий адабиёт ва бошқа китобларнинг электрон кўринишини тақдим этмоқда.

Тадбир доирасида бу гал эрта тонгдан Самарқанд шаҳридаги жамоат транспортида вилоят газеталари аҳолига бепул тарқатилди. Китоб байрами ўтказилаёган масканда аҳолининг ўзлари истаган адабиётни шу ерда олиб ўқишларига имконият яратилди. Боғда ўрнатилган саҳналарда талаба ва ўқувчи-ёшлар ўзлари ўқиган китоблари ҳақида гапириб бериб, мушоиралар ўтказмоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими эса самарқандлик ижодкорларнинг китобхонлар билан ижодий учрашувлари, янги асарлари тақдимотини ташкил этди.

– Китоб байрамида кенгашимиз томонидан “Бахтиёр оила” акциясини бошладик, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши раиси ўринбосари Наврўз Маҳкамов. – Бунда аҳоли ўз кутубхонасидаги ўқиб бўлган китобларини бизга тақдим этади ва қанча китоб тўпланса, биз ҳам унинг ёнига шунча китоб қўшиб, вилоятимизда “Обод қишлоқ” дастури асосида бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган маҳаллаларда аҳоли учун китоб жавонлари ташкил этамиз.

Шунингдек, икки кун давомида ўтказиладиган мушоира ва китобхонлик танловлари ғолибларига ҳам энг сара китоблар совға қиляпмиз. “Китоб байрами”нинг энг фаол иштирокчисига Алишер Навоий асарлари тўпламини туҳфа қилиш режалаштирилган.

Дарвоқе, “Китоб байрами” тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда.

 

2015-2024 © Хокимият Пастдаргомcкого района. Разработан в: SAKTRM