Туманда «Муқаддас аёл» байрам тадбири нишонланди

Азиз онажонлар, опа-сингиллар!

Аввало уйғониш ва нафосат байрамининг бошланишида, унинг биринчи байрамида қадрли шаънингизга таҳсин айтмоқни фуқаролик бурчим ҳамда катта шараф деб англашимни айтиб ўтмоқчиман. Зеро, муҳтарам юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг кейинги 2-3 йил ичида аёл номини улуғлаш, унинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида олиб бораётган сиёсати барчамизни – раҳбарни ҳам, оддий кишини ҳам ана шундай йўл тутишга ундайди.

Аслида бу сиёсий жараён моҳияти шонли тарихимизнинг теран илдизларига, қадимий миллий алломаларимиз, улуғ ижодкорлар бадиий меросининг асосий лейтмотиви, ғояси ҳам аёлнинг латофату гўзаллигини, ақлу заковатини, унинг соғлом авлод яратишдаги ва фарзанд тарбиясидаги улкан куч-қудратини тараннум этишга бағишланган. Қуръони Карим ҳамда бошқа улуғ китобларда аёл зотини қадрлаш илоҳий бурч сифатида таъкидланади. Шу сабабли Аёл жамиятимизда, онгли инсонлар шуурида, тасаввурида авлоднинг яратувчиси, моҳир тарбиячи, саранжомлик тимсоли сифатида шаклланди.

Тарихда ҳам хотин-қизларнинг шарафли ўрни бўлган. Буни буюк бобомиз Амир Темур салтанати даврида у кишининг турмуш ўртоғи Бибихонимнинг соҳибқирон салтанатидаги оқилона иштироки ва фарзанд тарбиясида ибрати орқали яхши биламиз. Қолаверса, халқ оғзаки ижодидаги Тўмарис, Барчиной, Гулпари, Ойгул образлари бизга ҳамиша қадимда аёлларимиз нечоғли жасоратли, садоқатли, оқила бўлганини эслатиб туради. Давлатчилигимизнинг ҳар бир даврида забардаст, нозик елкасида жамият муаммоларини кўтариб, ҳал қила олган хотин-қизлар авлоди бўлиб келган. Ташаббускорлиги, зукколиги билан жамиятнинг турли жабҳасида намунали меҳнат қилиб, обрў қозонган бу аёлларнинг ҳаммасини номма-ном санаш шарт эмас, уларни шундоғам кўпчилигимиз яхши таниймиз, ҳурмат қиламиз, эъзозлаймиз.

Мамлакатимизда кейинги йилларда хотин-қизлар қадрини улуғлаш, уларнинг жамиятдаги яратувчилик ролини ошириш борасида қилинаётган эзгу ишлар ана шу анъаналар давомидир.

Айниқса, 2018 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони  эълон қилиниши хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ролини ошириш масаласида муҳим аҳамиятга эга ҳужжат бўлди. Ушбу Фармон билан хотин-қизлар қўмиталари фаолиятини такомиллаштиришда, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, ижтимоий муҳофазага муҳтож аёлларга тизимли кўмак бериш масалалари тартибга олинди.  Ҳар бир фуқаролар йиғинида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар, хусусан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, боқувчисиз қолган, кўп фарзандли аёлларни уй-жой билан таъминлаш масаласи узоқ йиллардан бери илк бора давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди. Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларига кўмаклашиш мақсадида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш Жамоат Фонди ташкил этилди. 

Шу ўринда айрим рақамларни келтириб ўтсам. Ўтган йили 13 нафар ногиронлиги бўлган ва ижтимоий оғир аҳволдаги хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди, бу йил эса 22 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар шундай бахтга мушарраф бўлмоқдалар. Шунингдек, туманимизда ўтган йили 40 нафар оғир турмуш шароитида бўлган хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Тадбиркор аёлларга тижорат банклари томонидан 250 миллион сўм кредит маблағлари ажратилди. Бугун 310 та ажрим ёқасидаги оилалар яраштирилди.

Узоқ йиллар давомида оилалардаги муаммоларнинг таҳлилига эътибор қаратилмади, оилалардаги ҳақиқий  аҳвол жиддий мониторинг қилинмади. Ўтган йилдан бошлаб оилавий қадриятлар ва анъаналар йўналишида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб бориш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.  Туман ҳокимлиги томонидан марказнинг туман бўлимига барча шарт-шароитларга эга бўлган, замонавий бино ажратилди.

Зулфия номидаги Давлат мукофотини ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафар талабгорларга бериш белгиланди. Бугунгача эса туманимиздан 2 нафар қизлар ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлдилар.

Жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги  мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизлар учун “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди, ушбу кўкрак нишонга туманимиздан 1 нафар онамиз лойиқ топилган.

Хабарингиз бор, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари тузилмаларида “Аёллар маслаҳатхоналари” ташкил этилиши оналар ва болалар ўлими кўрсаткичларининг камайишида муҳим аҳамият касб этди. 

Туманнинг 106 та маҳаллаларидан турли соҳаларда ҳуқуқий маслаҳат сўраб мурожаат қилган 200 дан зиёд аёлларга тегишлича ёрдам кўрсатилди.

Ушбу олиб борилаётган ишларнинг бари бир мақсад учун – аёлнинг оилада, жамиятдаги ролини ошириш, муҳтарама оналаримиз, опа-сингилларимизнинг турмуш тарзини яхшилаш, оилаларда соғлом, баркамол фарзандлар вояга етиши йўлидаги ҳаракатдир. Муҳтарам Президентимизнинг «Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олийжаноб қадрият ҳисобланади. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз», деган сўзлари эндиликда давлат сиёсатининг асосий шиорига айланганини барчамиз кўриб, билиб турибмиз.

Хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, ғамхўрликнинг моҳиятига чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак, у бутун бир жамият ривожи учун қадалган эътибор эканини англаб етасиз. Дейлик, аёл соғлом бўлмаса, унинг фарзандлари ҳам нуқсонли бўлади, аёл оиласида ҳаловат топмаса, келажак ворисларимиз қалби мажруҳ улғаяди, қолаверса, яшаш шароити етарлича бўлмаса, бу оилада хотиржамлик бўлмаслигини барчамиз англаб етамиз. Аёл – оиланинг хотиржамлиги гаровидир, у нур каби хонадонларимизни ёритиб туриши учун биз, раҳбарлардан тортиб, ҳар бир оила бошлиқлари қўлдан келган барча саъй-ҳаракатни амалга оширишга тайёрмиз.

 

Муҳтарама онахонлар! Қадрли опа-сингиллар!

Сизларнинг меҳр-муҳаббатингиз, вафо ва садоқатингиз, фидойилигингиз туфайли турмушимиз кундан-кун тараққий этиб, ҳаётимиз чароғон бўлиб бормоқда.

Хотин-қизлар нафақат кундалик турмушимизда, балки жамиятнинг барча жабҳаларида алоҳида ва муҳим ўринга эга.

Бугунги кунда ўнлаб депутат аёлларимиз маҳаллий кенгашларда халқ вакиллари бўлиб, ҳокимлик ва давлат бошқарув органларида эркаклар билан елкама-елка туриб эл-юрт манфаати учун жонбозлик билан хизмат қилаётганини ҳурмат билан эътироф этамиз.

Бугун туманимизда  171806 нафар хотин-қизлар истиқомат қилади. Халқ таълими тизимида 4385 нафар, маданият соҳасида 87 нафар, мактабгача таълим тизимида 1230 нафар, соғлиқни сақлаш тизимида 1752 нафар хотин-қизлар фидойилик кўрсатиб меҳнат қилиб келмоқда.

Аёлларимиз саломатлигини яхшилашда спортнинг ўрни беқиёс. Шу маънода бугун туманда 2274 нафар хотин-қизларимиз спортнинг 12 тури билан доимий шуғулланаётгани алоҳида таҳсинга лойиқдир.

Спорт-соғломлаштириш борасидаги ибратли ишлар хотин-қизларимизнинг Республика ва Халқаро ареналарида эришаётган ютуқларида яққол намоён бўлмоқда.

Жумладан, туманимиз хотин-қизлари Халқаро мусобақаларда жами 32 та, Республика миқиёсидаги беллашувларда эса 76 та медалларни қўлга киритгани барчамизга чексиз фахр ва ғурур бағишлайди.

Мана шундай ҳурматли аёлларимиз бугун ҳам даврамизга курк бериб файз бағишлаб турибди.

Муҳтарама опа-сингиллар!

Биз, Сиз, азизларни фақат байрамларда эмас, ҳар доим қадрлаймиз ва улуғлаймиз, иззат-ҳурматингизни жойига қўямиз.

Чунки азиз аёлларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида барчамиз учун бирдек энг муҳим вазифа бўлиб қолаверади.

Сиз азизларнинг эса юртимиз равнақи йўлидаги фидокорона меҳнатингизга омад, ўзингизга соғлик-омонлик тилайман.

Баҳор даракчиси бўлган гўзал байрамингиз яна бир карра қутлуғ бўлсин!

Барча эзгу орзу-ниятларингиз амалга ошсин!

Доимо элу юртимиз ардоғида бўлинг!

Эътиборларингиз учун раҳмат!

 

 

 

 

 

 

 

 

2015-2024 © Pastdarg‘om tumani hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM