Пастдарғомда аҳоли истеъмоли учун бир йилда 15 минг 46 тонна гўшт маҳсулотлари талаб этилади

Пастдарғом туман ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари Пастдарғом тумани Кенгашининг ўн саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда депутатлар, сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, тегишли корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

 Сессия кун тартибида 5 та масала муҳокамага қўйилди. Кун тартибидаги биринчи масала Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йил 16 октябрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Пастдарғом туманида амалга оширилган ишлар ва бу борада белгиланган чора тадбирлар юзасидан туман ҳокимининг ўринбосари Ойбек Муротқобиловнинг ахбороти тингланди.   

Таъкидландики, бугунги кунда Пастдарғом туманида жами аҳоли сони 353,7 минг нафарни ташкил этиб, асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бир йиллик талаб ойма-ой ҳисоблаб чиқилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, туманда гўшт маҳсулотлари истеъмоли бир йилда  аҳоли жон бошига ўртача 42,6 килограмни ташкил этиб, жами 15 минг 46 тонна гўшт маҳсулотлари талаб этилади. Шунингдек, тухумга бўлган йиллик талаб 76 миллион 300 минг дона, картошка 18 минг 366 тонна, пиёз 7 минг 64 тонна, сабзи 9 минг 183 тонна, ун маҳсулотлари 27 минг 302 тонна ўсимлик ёғи 1 минг 342 тонна ташкил этади.

Туманимизда ишлаб чиқарилмайдиган ёки қўшимча бошқа ҳудудлардан олиб келинадиган маҳсулотлардан гуручга бўлган йиллик талаб 3 минг 461 тонна, шакар маҳсулоти 3 минг 885 тоннани ташкил этиб, тўлиқ ташқи бозорлардан ушбу талаб қондирилади.

Умуман олганда, озиқ-овқат заҳираси учун маҳаллий бюджет, банк кредити ресурслари ва тадбиркорлар маблағлари жалб этилади.

Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 октябрдаги 612-сонли қарорининг 5-банди ижросини таъминлаш мақсадида "Темир дафтар"га киритилган эҳтиёжманд аҳолига 2020-2021 йил қиш ва баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини заҳирага жамғариш чоралари кўрилиб, 2020 йил 3-чорак даромадларининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан сессия қарорига асосан “Саховат ва кўмак” жамғармасига ўтказилган 1 миллиард сўм маблағлар ҳисобидан 3 минг 574 та “темир дафтар”га киритилган оилаларда 15 минг 848 нафар фуқаролар ҳисобга олиниб, ҳар бир эҳтиёжманд оилаларга картошка 133 килограмм,  пиёз 18,2 килограмм, сабзи 48 килограмм, 24,3 килограмм гуруч маҳсулотлари ажратилиши режалаштирилиб, 804,5 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари заҳира қилинади.

Сессиясида кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан ҳам масъуллар сўзга чиқиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар инобатга олиниб, кун тартибидаги масала юзасидан туман кенгаши қарори қабул қилинди.

 

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM