Пастдарғом тумани ҳокими Шунқор Худайбердиевнинг туман тадбиркорларига МУРОЖААТИ

Ҳурматли тадбиркорлар!

Мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотларнинг бошланганига 3 йилдан ошаяпти. Ўтган вақт мобайнида иқтисодий муносабатларни такомиллаштириш, фаол инвестицион фаолият, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, фуқаролар бандлигини таъминлашда бирмунча ишлар амалга оширилди.

Фуқароларимизнинг ишбилармонлик ва фаол тадбиркорлик қилишлари учун барча ҳуқуқий асос ва шароитлар яратилди.

Тадбиркорлик - инновацион ва замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этиладиган иқтисодий йўналиш сифатида тараққиёт омилига айланиб бормоқда.

     Пастдарғом аҳли ҳам тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган ишлаб чиқариш, бунёдкорлик, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, боғ-роғлар бунёд этиш, турли хизматларни  ривожлантиришгача бўлган ҳамма жараёнларни кузатиб турибди.

Туманимизда ҳам соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли ёш, иқтидорли ва тажрибали ишбилармон тадбиркорларимиз жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариб, уларни “Ўзбекистон бренди”остида дунё бозорларига экспорт қилмоқдалар.

Муҳими ҳар бир қўйилган қадамнинг хайрли экани, юрт равнақи йўлида хизмат қилишидир.

Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлар кун сайин жамиятимизнинг етакчи кучига айланиб бормоқда.

Республикамиз Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида  2019 йил 7 ноябрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин”, деган фикр илгари сурилди.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан мутлақо янги тизим яратилмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги кўплаб бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда.

         Қадрли тадбиркорлар!

     Муҳтарам Юртбошимиз сизларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз, самарали фаолият юритишингиз учун барча шароит ва имкониятларни яратиб қўйдилар. Жойларда Бош вазир қабулхоналарининг ташкил этилгани тадбиркорларнинг ҳар бир муаммосига жойида ижобий ечим топишнинг яна бир муҳим қадами эканини алоҳида эътироф этиш лозим. Жумладан, Бош вазир қабулхоналарига жорий йилнинг 10 ойи давомида 128 нафар тадбиркорлик субъектлари мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 119 тасининг муаммоси ижобий ҳал этилди. Ушбу мурожаатларнинг 31 таси кредит, 35 таси ер ажратиш ҳамда 54 таси бошқа масалаларда бўлган. Ушбу мурожаатларни изчил ўрганиш ва уларга самарали ечим топиш мақсадида тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашлари тузилди.

“Тадбиркорларни қийнаётган иккита муҳим масала бор. Бу -  ер ажратиш ва банк томонидан кредит беришдир.

Бундан буён ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора равишда, барча учун тенг шароитлар яратган ҳолда, электрон аукцион орқали амалга оширилади.

Кредит бериш тизими ҳам соддалаштирилиб (вилоят, республика банклари ваколатларини тумандаги банкларга бериш орқали), ортиқча қоғозбозликка барҳам берилади”.

Азиз ишбилармонлар!

Бугунги кунда туманимизда 2100 дан ортиқ кичик бизнес субъектлари фаолият юритмоқда. Уларнинг сони жорий йилда 640 тага кўпайиши кутилмоқда. Оилавий тадбиркорлик кенг тус олмоқда. Йил давомида 8 та янги хорижий инвестиция иштирокида корхоналар ишга туширилиб, уларнинг сони 22 тани ташкил этди.

Айни кунда янги, кластер тизими иқтисодиётимизга изчил равишда кириб келяпти. Жумладан, туманимизда пахтачилик тармоғида 2 та пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти йўлга қўйилди. Натижада ушбу кластерларда нафақат ғўзани етиштириш, балки пахтани йиғиштириб олиш ва қайта ишлаш, ип калава, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Энг муҳими, кластерлар томонидан  61 тадан ортиқ замонавий қишлоқ хўжалик техникалари харид қилинди. Бундан ташқари, туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган 1 та агрокластер фаолияти йўлга қуйилмоқда. Кластер томонидан  йил давомида  2,0 минг тонна маҳсулотни қуритиш, 1,0 минг тонна маҳсулотни саралаш ҳамда 500 тонна маҳсулотни сақлаш имконияти мавжуд.

Ҳудудий дастурлар доирасида 2019 йилнинг якуни билан 394,0 млрд. сўмлик 86 та лойиҳа амалга оширилиши ва 1254 та иш ўринлари яратилиши таъминланади. Бунинг натижасида қўшимча 1,4 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, 12,0 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади.

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастурларида асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, паррандачилик, узумчилик, чорвачилик соҳаларида 120,3 млрд.сўмлик 44 га якин лойиҳалар амалга оширилди.

         Банкларимиз томонидан тадбиркорларга жами 519,1 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилди, айниқса кичик бизнес субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида “Ҳар бир оила - тадбиркор”, “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси”, “Ҳунармандчиликни ривожлантириш жамғармаси”, “Бандликка кўмаклашиш жамғармаси”,     “Ёшлар-келажагимиз” давлат дастурлари доирасида 31,9 млрд. сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

         Эзгу мақсадли ва шижоаткор тадбиркорлар!

Бундан буён тадбиркорликка кўмак берувчи масъул идоралар, 4 та сектор раҳбарлари “Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!” мезони асосида иш фаолиятимизни ташкил этамиз. Бунда ҳар бир идоранинг кун тартибидаги устувор вазифаси – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот килиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини ҳал қилишдан иборат бўлади.

“Эндиликда тадбиркорлар жамиятда энг асосий етакчи кучга айланиб, барча маҳаллий давлат идоралар фаолиятига баҳо бериш ҳамда уларнинг фаолияти, энг аввало, тадбиркорларнинг манфаатларига хизмат қилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатадилар”.

Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган туман салоҳияти ва ихтисослашувидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш йўлида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз.

Тадбиркорларимиз томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш бўйича тақдим этилган 341,3 млрд.сўмлик 22 та лойиҳани амалга оширишда ҳар бир лойиҳа шахсий назоратимиз остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқаришдан, то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги вазифамиздир.

Ўтган йилларда юзлаб ёшлар ўз бизнесини бошлаб тадбиркор бўлиб етишди, энди бошлаётганлар ҳам бор. Биз тадбиркорликка белбоғлаган ҳеч бир фуқарони эътиборсиз қолдирмаймиз. Уларнинг бизнес-лойиҳаларини ишлаб чиқишдан тортиб, ишини йўлга қўйгунча кўмак берамиз.

Бир нарсани чуқур англашимиз керак: Сизнинг лойиҳангиз –туманимизнинг истиқболи ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир.

Тумандаги 4 та сектор раҳбарлари, барча бўғиндаги бошқарув ва назорат органлари тадбиркорликнинг ривожланишига халақит қилаётган  тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш ҳамда ҳар бир ҳудудда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг кафолатларини таъминлайди.

Бунда:

тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олиш, эндиликда давлат органлари билан муносабатлар текшириш эмас, балки Сизларга фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қараймиз;

ҳар бир тадбиркорнинг мулки дахлсиз, ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, унинг мулки тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафолатланади ҳамда тадбиркорлар мол-мулки дахлсизлиги таъминланади;

тадбиркорлар иштирокида турли мажлисбозликка чек қўйилади, маҳаллий ҳокимлик идоралари вазифаларини тадбиркорларга юклаш ва уларни ҳомийликка мажбурлаш амалиётига бутунлай барҳам берилади.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Сизлар бугун нафақат ишлаб чиқарувчи, яратувчи, бизнес олами, балки  фаол жамоатчилик вакилисиз. Сиз халқ билан бирга, халқ дарди ва қувончи билан яшайсиз.  Шу боис тадбиркор билан янада жипслашиб ишлаш, уларнинг дарди-ҳолини эшитиш, муаммоларига тезда ечим топиш асосий вазифамиз бўлиб қолади.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM