Бугун муаллим, муҳаррир, сиёсий арбоб - Шароф Рашидов туғилган кун

Таниқли адиб, йирик давлат арбоби Шароф Рашидов 1917 йил 6 ноябрда Жиззахда таваллуд топган. (zarnews.uz)

  Шароф Рашидов 1934 йил Жиззах педагогика техникумини, 1941 йил Самарқанд давлат университетини тугатган. Меҳнат фаолиятини муаллим ва мухбирликдан бошлади. 1938-1941 йилларда Самарқанд вилояти (ҳозирги “Зарафшон”) газетасида ишлади. 1941-1942 йилларда Иккинчи жаҳон урушида қатнашади. Фронтдан қайтгач, Самарқанд вилояти миқёсида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатган.

  1947-1949 йилларда ҳозирги “Ўзбекистон овози” газетасига муҳаррирлик қилди. 1949-1950 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, 1950-1959 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши Раёсатининг раиси, 1959-1983 йилларда Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби лавозимларида хизмат қилди.

  Шароф Рашидовнинг биринчи шеърий тўплами “Самарқанд куйлари” номи билан чоп этилган.

  Адиб “Ғолиблар” қиссасини қайта ишлаб, 1972 йилда роман шаклида нашр эттирди. “Бўрондан кучли” романи 1958 йилда, “Қудратли тўлқин” романи эса 1964 йилда дунёга келди. Бу асарларда халқимизнинг урушдан кейинги тикланиш йилларидаги матонатли меҳнати бадиий ифодасини топган.

  Ижодкорнинг “Кашмир қўшиғи”, “Комде ва Мўдан” каби лирик қиссалари ва “Коинот” киноқиссаси анъанавий Шарқ достончилиги услубида битилган. Адиб ҳаётининг сўнгги йилларида яратилган “Дил амри” қиссаси уруш йилларида Беларус тупроғида жанг қилган ўзбек жангчиларининг ҳаёти тасвирига бағишланган.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM