Сайловда овоз бериш Сайлов кодекси асосида ўтказилади

Маълумки, шу йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига навбатдаги сайлов бўлиб ўтади. Бўлажак сайлов аввалгиларидан тубдан фарқ қилиши кутилмоқда. Чунки бу йилги сайловлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтказилади.

Сайлов кодексида, овоз бериш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра Сайлов куни сайловчи овоз бериш биносига келиб, участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни (паспорт, фуқаролик паспортини йўқотган фуқароларга ички ишлар органлари томонидан берилган вақтинчалик маълумотнома, ҳарбий гувоҳнома ва жазони ўтаб бўлганлик ёки жазодан озод қилинганлик тўғрисидаги маълумотнома) кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин УСК аъзоси томонидан унга сайлов бюллетени берилади.

Сайловчи бюллетенни олгач, уни яширин овоз бериш хонасида тўлдиради.

Сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида овоз берувчи шахсдан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.

Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «✔» ёхуд «х» мазкур учта белгидан хоҳлаган биттасини қўяди.

Овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди.

Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли. (Бундан УСК аъзолари, кузатувчи ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустасно).

Бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра янгисига алмаштириб берилади.

 Акбар Тошбеков,

Пастдарғом туман ҳокимлиги

бош юрисконсульти. 

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM