ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОР МАМЛАКАТЛАР МУТАХАССИСЛАРИ ПАСТДАРҒОМГА ТАШРИФ БУЮРДИ

    Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича пресс-тур ташкил этилди.

     Дастлаб "Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" акциядорлик жамиятида республика "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ мутасаддилари, Осиё тараққиёт банки, Марказий Осиё минтақавий-иқтисодий ҳамкорлиги (МОМИҲ)га аъзо мамлакатлардан ташриф буюрган мутахассислар, халқаро ҳамда маҳаллий журналистлар иштирокида пресс-конференция ўтказилди.

     Пресс-конференцияда Президентимизнинг 2018 йил 23 октябрдаги "Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари  тўғрисида"ги қарорига асосан мамлакатимиз бўйлаб Жанубий Кореянинг "КТ Corporation" компанияси билан ҳамкорликда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими(АСКУЭ)ни босқичма-босқич жорий этиш, хусусан, вилоятимизда замонавий электр ҳисоблагичларни ўрнатиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

     - Компаниямиз томонидан йил охиригача 2,5 миллиондан зиёд хонадон учун "ақлли" ҳисоблагичлар етказиб берилади, - дейди "КТ Corporation" компаниясининг Ўзбекистондаги вакили Энди Ким. -  Ҳисоблагичларимиз эскиларига нисбатан 20 дан кўп функцияни бажара олади. Янги электрон ҳисоблагич ўрнатганлар энди электр таъминоти идорасида ёки банклар эшигида навбат кутиб турмайди. Истеъмолчиларга SMS хабар орқали барча маълумотлар етказиб турилади. Бу янги тизим нафақат аҳолига, балки соҳа ходимларига ҳам қулайликлар яратади.

     Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари Паст Дарғом туманида бўлиб, Гўзалкент электр таъминоти корхонасининг иш фаолияти, ҳудудда янги тизимдан фойдаланиш имкониятлари билан танишишди.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM