Пастдарғом туман ҳокимининг тадбир қатнашчиларига

Пастдарғом туман ҳокимининг тадбир қатнашчиларига

Т А Б Р И К  С Ў З И

 

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!

Муҳтарам фахрийлар ва ҳурматли меҳмонлар! 

Барчангизни кириб келаётган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 73 йиллиги билан давлатимиз раҳбарияти ва ўз номимдан самимий муборакбод этаман. Сиз, азизларга ва сизлар орқали бутун халқимизга ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Дунёни фашизм балосидан асраб қолишга, бугунги ёруғ кунларни таъминлашга муносиб ҳисса қўшган Сиздек мард ва қаҳрамон юртдошларимизга бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдирамиз.

Азиз тумандошлар!

Барчамизга маълумки, муҳтарам Биринчи Президентимиз ташаббуси билан             1999 йилдан буён 9 - май санасини юртимизда Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонлаш анъанага айланди. Бу улуғ айём кунида ҳаммамиз энг аввало уруш майдонларидан қайтмаган минг-минглаб юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтирамиз. Айни вақтда жанг майдонларида мардлик ва жасорат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, бугун орамизда соғ-саломат бўлиб юрган муҳтарам фахрийларимизга таъзим қиламиз. Ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун уларга чексиз миннатдорлик билдирамиз.

Ҳеч шубҳасиз, бу даҳшатли уруш, бутун инсоният қатори, бизнинг халқимизга ҳам мислсиз кулфат ва йўқотишлар олиб келди. Пастдарғом туманидан 5 йил давомида          7000 нафардан ортиқ юртимизнинг асл фарзандлари ортга қайтишмади. Афғонистон Республикасидаги 1979 йилги “Савр” инқилобида 561 нафар йигитларнинг                   12 нафари Она юрт бағрига темир тобутларда қайтдилар.

Муҳтарам фахрийлар ва ҳурматли меҳмонлар!

Жонажон Ватанимизга фидойилик билан хизмат қилишнинг юксак намунаси бўлган, бутун ҳаётини эл-юрт ишига, адолат ва эзгулик тантанасига бағишлаган Мели бобо Суюнов, Ислом бобо Неъматов, Раҳмон бобо Қурбонов, Юсуф бобо Пирматов, Шаққос бобо Ҳасанов, Парда бобо Рўзиев, Мамаюсуф бобо Ражабов, Баси бобо Боқиев, Аҳмад бобо Юлдошев,  Салим бобо Эргашев каби Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ва туманимиздаги   6 нафар 100 ёшдан ошган Иккинчи жаҳон уруши меҳнат фахрийлари билан барчамиз ҳақли равишда ғурурланамиз, ўзига хос ифтихор туйғусини ҳис этамиз.

Қадрли уруш қаҳрамонлари, азиз фронт орти фидоийлари!

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Республикамиздаги ҳар бир уруш иштирокчисига ўзининг табрик мактубларини йўлладилар. Ижозатингиз ушбу табрикни яна бир бор ўқиб эшиттирсам.

“Азиз ва муҳтарам уруш қаҳрамонлари ва меҳнат фахрийлари!

Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 73 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати самимий табригим ва эзгу тилакларимни қабул этгайсиз.

Дунёни фашизм балосидан асраб қолишга, бугунги ёруғ кунларни таъминлашга муносиб ҳисса қўшган Сиздек мард ва қаҳрамон юртдошларимизга бутун халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.

Жонажон Ватанимизга фидойилик билан хизмат қилишнинг юксак намунаси бўлган, бутун ҳаётини эл-юрт ишига, адолат ва эзгулик тантанасига бағишлаган Сиз каби азиз ва мўътабар инсонлар билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз.

Ёшларимизга ҳамиша ибрат бўлиб, ҳаётимизга файз ва қувонч бағишлаб келаётганингиз биз учун бебаҳо бойлик, катта давлатдир.

Сизга, оила аъзоларингиз ва яқинларингизга тинчлик-омонлик, бахт-саодат доимо ёр бўлишини тилайман.

Улуғ айёмингиз муборак бўлсин!

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти”

Азиз Ватан фидоийлари, тадбир иштирокчилари!

Барчангизни 9 май – Хотира ва қадрлаш куни билан қутлаб, сизларга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Яна бир бор улуғ айёмингиз муборак бўлсин!

Эътиборингиз учун ташаккур!

2015-2022 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM