Паст Дарғомда фермер хўжаликларининг ерлари тортиб олинмоқдами? Аслида аҳвол қандай ?

              Халқимизнинг “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир” деган пурмаъно нақли бор. Юқоридаги сарлавҳа остида мухбир “адолат пешвоси” сифатида анчагина шов-шувга сабаб бўлган “муаммо”ни кўтарган. Аммо бу Пастдарғом туман ҳокимининг 2018 йил май ойидаги қарорлари билан О.Нормуродов, М.Ҳамрақулов, Д.Беков, С.Рўзиев, Д.Қаршиев ва «Шомбулоқ сазан балиқлари» (раҳбари — А.Якубов) ҳамда «Анҳор суви» фермер хўжаликларига «Ўзбекистон Мустақиллиги» массиви ҳудудидан жами 83.30 га ер майдонларини ўйламай-нетмай “инъом” этилганлиги сабабли  вужудга келгани ва оқибати “меваси” эканлигини мухбир негадир илғамаган.

          Масалани ўрганиш жараёнида бир ёқламаликка йўл қўйилмадимикан?! Нега юқорида номлари саналган фермерларга ер беришга қарор чиқарган туман ҳокими, сектор раҳбарлари ишдан четлатилди?! Масаланинг туб моҳиятига етмай, яъни ернинг унумдорлиги ҳисобга олинмай, “тарқатилиши” эвазига эмасми? Бунинг исботи, ўтган йил туманнинг пахта етиштириш бўйича режаси 47 % га бажарилди, ғалла ҳосилдорлиги 31 центнерни ташкил этди. Оқибатда фермер хўжаликларнинг 18,5 млрд. сўм банк кредитлари ёпилмай қолди. Сабаби битта. Унумдорлиги юқори (62 баллдан ортиқ) бўлган ана шундай ерлар, балиқчилик, чорвачилик каби йўналишларига ажратиб келинган. Жумладан, мақолада келтирилган фермер хўжаликларига ҳам 68-72.7 балли ерлар асоссиз равишда берилган. Ўзбекистон Республикаси Ер Кодексининг 44-моддасида “Суғориладиган ерлар махсус муҳофаза қилиниши лозим. Бундай ерларни суғорилмайдиган ерлар сирасига ўтказиш алоҳида ҳолларда, тупроқ-мелиоратив ва иқтисодий шароитлар, ерларнинг сув билан таъминланганлиги, улардаги мавжуд сув ресурслари ҳамда бу сувларга белгиланган лимитлар инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг хулосасига мувофиқ вилоят ҳокими қарорига биноан амалга оширилади”, - дейилган. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25-февралдаги 54-сонли қарорининг II боб 13-бандида “Ер участкаларини танлаш ва ажратиш ҳужжатлари унинг жойлашган жойи, қишлоқ хўжалиги харитасида жойлашган ўрни, бош режаси, лойиҳа ҳужжатлари кўрсатилиши белгиланган” бўлсада, юқоридаги талабларнинг бирортаси бажарилмаган. Шунингдек, 14-бандида таъкидланган “ажратилаётган ер майдонини сув хўжалиги ташкилотлари билан келишиш”, 16-банд талаблари доирасида ер участкасини танлаш бош лойиҳа ташкилоти “Қишлоққурилишлойиҳа” МЧЖнинг хулосасини олиш ва 29-бандида кўрсатилганидек, “Ер участкасини ажратиш бўйича материаллар туман ҳокими томонидан 3 кун муддатда тегишли равишда вилоят ҳокимига тасдиқлаш учун юборилиши белгиланган бўлсада, мазкур қарорлар вилоят ҳокимига тасдиқлатиш “унутилган”. Оқибатда айни пайтда ҳам тумандаги мавжуд суғориб ҳайдаладиган ер майдонларига ўзгартириш киритилмаганлиги сабабли бугунги кунда ҳам ушбу ер майдонларига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш режалаштириб келинмоқда. Бир сўз билан айтганда, туманда ер участкаларини бериш масалаларини кўриб чиқувчи комиссия томонидан балиқчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига балиқ ҳавзаси қуриши учун тупроқ унумдорлиги юқори бўлган ер майдонларини ажратишган, бу билан келажакда атрофдаги ерларнинг унумдорлик структураси бузилиши, сизот сувлари кўтарилиб кетиб, унумдор экин ерларига зарар келтириши ҳисобга олинмаган.

     “Қани экспертлар хулосаси?, Қани ҳужжатлар?” деган саволларга мазкур масалани қайта урганган тегишли ташкилотлар хулосаларига назар ташланг:

 

 

      “Балиқчилардан беркитиб қуйилган сув нарироқда бекорга зовурга тушиб, Зарафшон дарёси томон оқиб кетмоқда. Ариқларга сув бормаяпти, сув сатҳи пасайиб ҳовузлар қуримоқда…”. Мана шу фикрларни келтираётган журналист “Хўш, бунга ким айбдор?” деган саволга жавоб ахтараётиб, яна бир томонлама хулоса чиқаради. Лекин Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, вилоят мелиоратив экспедицияси, Пастдарғом туман ирригация бўлими мутахассисларининг шикоят қилган балиқчиларнинг фикрларига холисона баҳосини келтирамиз “Ушбу ҳудудда балиқчилик фермер хўжаликларини ташкил этишдан олдин  туман ва вилоят сув хўжаликларига сув олиш учун лимит сўраб мурожаат қилинмаган. Туман сув истеъмолчилари уюшмаси билан шартнома тузилмаган. Ҳудуддан ўтувчи “Пастки Сиёб” каналидан ноқонуний равишда қулоқ очиб фойдаланилган. Шунингдек, “Мельнични” коллекторининг техник параметрларига зиён етказган ҳолда 2.5-3 метр баландликда данбалар кўтарилган, бунинг учун техник шарт олинмасдан ўзбошимчалик билан банд қилиб балиқ ҳовузларига сув киритишган. Ҳовузлардаги йиғилган сувларининг сатҳи суғориладиган ер майдонлари сатҳидан 0.8-1 метр баланд бу ҳолат эса ҳудуддаги 650-1000 га атрофидаги суғориладиган сизот сувлари сатҳи кўтарилишига, мелиоратив ҳолати ёмонлашувига олиб келади.
4-5 йилда ушбу майдонлар шўрланиши оқибатида қишлоқ хўжалиги экинлар экиш имконияти бўлмай қолади”.

          Мутахассисларнинг бу хулосаларини олиш нега мухбирнинг хаёлига келмади? Агар масалага ҳар икки тарафдан холисона ёндошилганда мухбирнинг чин маънодаги ватанпарварлиги бўлмасмиди?!

“ ... бу ерлар кимгадир бериб юборилади”, “керак бўлса, ҳамманг шунинг (Ҳамзанинг) қўлида қул бўлиб ишлайсан”, “Чорва экинини «Чортут» фермер хўжалиги раиси айни пайтда 1500дан 1900 гектаргача ерга эгалик қилаётган (бунинг учун қоидага кўра камида 4500 туёқ қорамол бўлиши керак) Ҳамза Ғуломовга берилади”, - деб тахмин-таваккалга асосланиб айтилган бу жумлаларга қўйидаги изоҳдан кўпчилик ўз хулосасини чиқаради деб ўйлаймиз. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 14-сонли “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ушбу ҳудудда ер майдонлари қарорнинг 4-иловасига кўрсатилган талаблар асосида лойиҳалаштирилди. Муқаддам фермер хўжалиги бўлиб ишлаган О.Нормуродов, Р.Хусановларга пахта-ғаллачилик билан шуғулланиш учун ер ажратиб бериш таклифи бир неча марта айтилди. Лекин ушбу фермер хўжаликлар раҳбарлари фақатгина ўзлари хоҳлаган ерни олишни, қолган ерни олмаймиз деб рад жавобини беришди. Бунинг оқибатида ҳудудда
70 гектарга яқин ер майдони заҳирада қолиши хавфи вужудга келди. Уларнинг рад жавобидан сўнг “Чортут” фермер хўжалигига қўшиб бериш тавсия этилди.

         Туманда 2019 йил қишлоқ хўжалигида юқори ҳосилдорликга эришиш мақсадида туманнинг ички имкониятларини ҳисобга олиб, йўл харитаси ишлаб чиқилди. Юқори ҳосилдорликка эришиш мақсадида туманда йирик чорвачилик фермер хўжаликларини ем-ҳашак учун ажратилган балл бонитети юқори бўлган ер майдонларини пахта ва ғалла экинларига алмаштирилди. Мисол учун чорвачилик йўналишидаги “Беш бола”, “Ҳамид чорвачилиги”, “Парда бобо Мирзақобилов” ва бошқа фермер хўжаликларнинг 500 гектарга яқин, “Элдор К” фермер хўжалигининг
646 гектар, жумладан, “Чортут” фермер хўжалигидан чорва учун ажратилган ем-ҳашак экинлари ер майдонларининг 804 гектарига пахта – ғалла экинлари экиш режалаштирилди. Шунинг ҳисобига балл бонитети нисбатан пастроқ ҳисобланган “Ўзбекистон Мустақиллиги” массивидаги балиқчилик хўжаликлари атрофидаги ер майдонлари ем-хашак етиштириши учун тавсия этилди. Барча техника ва ишчи кучлари мавжуд бўлган Р.Хусановга “қул бўлиб ...” эмас, ҳоҳласа шу ерда бошқарувчи сифатида ишлаши, техника хизматлари кўрсатиши имкониятлари борлиги таклифи айтилди. Бошқа балиқчилик хўжаликларига эса дарё ўзанидан узоқ бўлмаган, паст балл бонитетли ер майдонларида балиқчилик билан шуғулланиш имкониятлари борлиги айтилди. Ишлашни ҳоҳлаган - имкон, ҳоҳламаган - баҳона қидирганидек, “Шомбулоқ Амур”, “Тохир ҳавзаси”, “Яшин сазан балиғи” фермер хўжаликлари 2018 йил май ойида давлат рўйхатидан ўтиб, йил якуни билан на туман давлат Солиқ инспекциясига ҳисобот топширган ва на банклардан ҳисоб рақамини очган, бирорта ҳам иш ўринлари яратмаган, бошқа балиқчилик хўжаликларида эса номигагина 1-2 киши рўйхатга олинган, холос. Масалан “Шомбулоқ сазан балиқлари” фермер хўжалигининг статистик ҳисоботларида ўтган йил 6.3 тонна балиқ овлаган тўғрисида маълумот тақдим этилган бўлиб, 1 кг тирик балиқнинг нархи ўртача
12 600 сўмдан бўлган, лекин банк ҳисоб рақамига 17 500 000 сўм нақд пул кирим қилинган, шу пулни ҳам 1 кун ўтиб фермер хўжалиги раиси иш ҳаққи сифатида ўз пластик карточкасига тушириб олган, балиқ сотишдан тушган 61 880 000 сўм маблағ қаерга кетгани номаълум. “Пастдарғом балиқчи ҳавзаси”, “Анҳор суви” фермер хўжаликларининг молиявий фаолиятида ҳам худди шундай ҳолатни кузатиш мумкин. « ... ўз чўнтагини ўйлайдиган инсонлар» деганда айнан мана шулар назарда тутилмасмикан?! Мухбир қайси нуқтаи назар билан ёндошганлиги бизга қоронғу.

         Ҳа, январ ойида ҳоким алмашди, “мақсадлар ва уларнинг мувофиқлиги ҳам ўзгарди” бу эзгу мақсадлар замирида туманни ижтимоий иқтисодий ривожлантиришдек орзу-ниятлар мужассам. Бунинг учун эса ҳалол, пок, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш, маҳаллий бюджет даромадларини орттиришдан иборат. Тумандаги кенг қамровли ишлар ана шу йўналишга қаратилган, бу эса кимгадир маъқул, кимнингдир тинчини бузади. Фақат ўз манфаатини ўйлаган “ватанпарвар” барибир рози бўлмайди, қачондир, кимгадир, қайси йўл биландир тош отади. Ўша тош отарга эса ҳар доим “палахмонлар” топилади.

         Хулоса ўрнида давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев 2016 йил 14-декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида тадбиркорни тарифлаб, “тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади”, — деб айтган фикрларини келтиришни жоиз топдик, демак кимни тадбиркор деб баҳолаш сизга ҳавола, лекин халқимизда бир мақол бор, “Мевали дарахтга, албатта, тош отилади”.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM