KICHIK SEX orzularga yo`l ochmoqda

Маҳалламизда тадбиркорлар кундан-кунга ортаётгани одамларимизнинг бу соҳага қизиқиши ортаётгани, рўзғори ободлиги, хонадони фаровонлигига сабаб бўлаётир, десак хато бўлмас.

Ҳозирда маҳалламизда аҳоли сони 3008 нафарни ташкил этади. Уларнинг ҳар бирининг кўнглида, эзгу ниятларида турмуши фаровонлигини яхшилаш, бу борада меҳнатга муҳаббат бисёр.

Инсон доимо замон, янгиликлар билан ҳамнафас яшаши, ҳаракат қилиши лозим, - дейди "Янги келажак ҳаёти" МЧЖ раҳбари Баҳодир Хидиров. - Юртимизда тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб, хонадонимизда кичикрок ширинликлар ишлаб чиқарадиган цехни ташкил этдик. Даставвал, 10 турдаги турли пишириқларни тайёрлай бошладик. Тез орада маҳсулотларимиз ўз харидорларини топди. Қолаверса, маҳалламиз туман бозоридан анча олис. Маҳалладошлар томонидан тўйу маъракалар учун деярли ҳар куни 200-250 килограмгача буюртмалар қабул қиламиз. Сотаётган маҳсулотларимиз бозор нархидан 2000-2500 сўмгача арзон. Келгусида даромад ҳисобидан тикув цехи ташкил қилиб, 12 нафар хотин-қизлар учун иш ўрни яратиш, шунингдек, оилавий болалар боғчаси очиб, 4 нафар иш ўрни яратиш режаларим бор.

    Дарвоқе, цехда қўли-қўлига тегмай, буюртмаларни тайёрлаётган қизлар меҳнатини кузатамиз. Майсара Ўктамова, Фазилат Тошпўлатова каби уста "пишириқчи"ларга бу борада моҳир устозга айланган Юлдуз Пардаева кўрсатмалар бераяпти.

   - Қизларимизнинг бажараётган ишларини ўзим назорат қилиб бораман, - дейди тадбиркор Б.Хидировнинг онаси Ҳалима ая. - Ўзим 40 йил мактабда ўқитувчилик қилиш билан бирга, қишлоғимизда "Энг биринчи тадбиркор" сифатида ҳурмат-иззат топганман. Бугун эса тажрибаларимни шогирдларимга ўргатаяпман. Маҳсулотимиз қанчалик сифатли бўлса, эл ичида шунчалик эътибор ва эътироф топамиз.

Наргиза БЕКМУРОДОВА,

Янги қишлоқ маҳалласи хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий

қадриятларни

мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM