Самарқанд давлат тиббиёт институти 2-клиникаси шифокорлари Пастдарғомда мактаб ўқувчиларини тиббий-кўрикдан ўтказди

Самарқанд давлат тиббиёт институти 2-клиникаси – Самарқанд болалар хирургия марказининг юқори малакали мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Паст Дарғом туманининг олис қишлоқларида болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.

Бунда асосий эътибор хирургик касалликлар ва туғма нуқсонли болаларни аниқлашга қаратилди. Ишчи гуруҳ таркибида болалар жарроҳлари, невролог, стоматолог, педиатр, УТТ мутахассиси, болалар гинекологи, кардиолог ва врач-ортопед ҳам иштирок этди. Туман марказий поликлиникасида ўтказилган чуқурлаштирилган тиббий кўрик давомида 400 га яқин болалар қамраб олинди.

Кўрик пайтида 70 га яқин турли хирургик касалликлари бўлган бемор болалар аниқланиб, уларни СамДТИ 2-клиникасида соғломлаштиришга тавсия этилди. Паст Дарғом туман тиббиёт бирлашмаси жамоасига назарий ва амалий жиҳатдан ёрдам беришга келишиб олинди.

Бундан ташқари, 29-умумтаълим мактабида 900 нафар ўқувчи кўрикдан ўтказилиб, улардан 23 нафарида турли хирургик касалликлар аникланди. 45-умумтаълим мактабида 846 нафар ўқувчи кўрикдан ўтказилиб, 34 нафарида турли хирургик касалликлар аниқланди. Улар клиникада соғломлаштиришга тавсия этилди.

Жамшид ОТАҚУЛОВ,

СамДТИ профессори.

Қаршибой БОБОЁРОВ,

СамДТИ катта ўқитувчиси.

 

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM