“Пародия устаси” билан учрашув таассуротга бой бўлди

Асли Паст Дарғом фарзанди, кўплаб бадиий китоблар муаллифи Абдураззоқ Обрўй қаламига мансуб “Ҳўплам-ҳўплам”, “Ҳиринг-ҳиринг”, “Бўйдоқ аскар”, “Рухсат беринг, шеър ўқийман”, “Тухумнинг қудрати”, “Аёлнинг қулоғи”, “Сев, авайла, асра Ўзбекистонни!”, “Мен ўша ўр, мен ўша зўрман!”, “Ади-бади” каби ўндан ортиқ асарлари кўпчилик китобхонлар томонидан севиб ўқилиб келинмоқда.

Туман 1-сонли маданият марказида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,  ҳажвчи шоир, “ пародия устаси”  Абдураззоқ Обрўй таваллудининг 65 йиллигига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққанлар тажрибали сўз устаси, “ўз сози, ўз овози” билан адабиёт майдонида калом айтиб турган адиб ва шоирнинг ҳаёти ва ижоди хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашишди.

  • Тумандаги Жағалбойли маҳалласида туғилганман, - деди Абдураззоқ Обрўй. – Маҳалладаги 41-умумтаълим мактабида ўқиганман. Тадбирни даставвал ўзим таълим-тарбия олган мазкур мактабдан бошлаганим бежиз эмас.  Таълим даргоҳи остонасига қадам босар эканман, илк маротаба мени – ҳали дунёни англаб-англамай турган болакайни кутиб олган синфхонам, синфдошларимни яна бир ёдга олдим. Негадир менга ҳаёт дарсини, дўстлик ришталари муақддаслигини, Ватан, она замин қадр-қимматидан сабоқ берган азиз маконимга қадам ранжида этганимдан кўзимда қувонч ёшлари қалқди. Дарвоқе,  Болалигимдан кўнглимга кириб келган ижод туғёнлари қўлимга қалам олишга ундаган. Қайси мавзуга қўл урсам, аввало, сўз “қурол”имни ҳақиқат, меҳр-оқибат, баъзи кишилар ҳаёти ва фаолиятидаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган ғоялар билан “ўқлаганим”ни тан толаман. Зеро, хулоса майдонида дадил ва одилона фикр юритиш инсоннинг ўзига боғлиқ.

Тадбир давомида  Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Фармон Тошев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ, уюшманинг вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тўгалов, таниқли ёзувчи Нурали Қобул, шоир Азиз Саид, республика маънавият маркази туман бўлими раҳбари Жамшид Очилов,  туман халқ таълими бўлими мудираси Нодира Сафарова, шунингдек, адиб-истеъфодаги подполковникнинг ҳарбий соҳада бирга меҳнат қилган сафдошлари, шогирдлари, қавм-у қариндошлари шукрона дамлари билан қутлашди. Туман маданият маркази хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар анжуман иштирокчиларига кўнглига кўтаринкилик бахш этди.

  • Бугунги тадбир ҳақиқий ижодкорлар байрамига, айланди, десам хато бўлмас, - деди тумандаги 3-умумтаълим мактаби ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Гулсара Мавлонова. – Бу каби анжуманларнинг кўпроқ ўтказилиши биз тарғиботчиларнинг ҳам ёш ижодкорларга ижод сир-асрорларини ўргатишимизда муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, бугунги тадбир қаҳрамони бўлган сўз устаси Абдураззоқ Обрўйни ижодини доимо кузатиб, ўқиб бораман. Ўзига хос ғоя, ва йўналиши билан алоҳида ажралиб туради.

Ижодий суҳбатлар бир пиёла чой устида давом этди. Яна бир кунимиз азиз ва унутилмас дақиқалар сифатида қадрга, хулоса ва таассуротга бой бўлди.

 

Гулжаҳон МАРДОН қизи.

2015-2022 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM