Халқ депутатлари туман Кенгашининг қирқинчи сессияси бўлиб ўтди

Халқ депутатлари туман Кенгашининг қирқинчи сессиясида ҳоким ўринбосарлари, ҳудудий партия кенгашлари раислари, масалага алоқадор ташкилот ва корхоналар вакиллари иштирок этди. Унда дастлаб туман ҳокими Ш.Худойбердиев ёшлар муаммоларини ўрганиб, уларнинг ҳал этилиши, ёш авлодни истеъдоди ва қобилиятларини ривожлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратишда кўрилган чоралар юзасидан ҳисобот берди. 
Маълумотларга кўра туман ёшлари ишсизлигини ва муаммоларни ўрганиш мақсадида ўтказилган хатлов натижаларида 2675 нафар ишсиз, 1057 нафарида эса турли йўналишларда муаммолар борлиги аниқланиб, “Ёшлар дафтари” га киритилган. Ёшлар бандлигни таъминлаш ва аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, 2720 нафар ёшларга 25 сотихдан ер ажратиш орқали даромад манбаига эга бўлиши таъминланган. 201 нафар ёшларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 85 нафар ёшларга уруғлик ва кўчат харид қилишлари учун субсидиялар ажратилган. 423 нафар ёшлар ўзини ўзи банд қилиши учун асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари билан таъминланган. 629 нафарига эса 18 миллиард 558 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган. Савдо саноат палатаси қошида ташкил этилган тадбиркорлик курслари, “1+1” лойиҳаси доирасида ҳам амалга оширилган ишлар натижасида ёшлар мустақил ҳаётда ўз йўлларини белгилаб олишмоқда. Бугунги кунда “Ёшлар дафтари” да 188 нафар ёшлар қолган бўлиб, уларнинг муаммоларини тез кунларда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. 
Туман Халқ қабулхонаси мудири С.Чоршанбаевнинг ахборотига кўра йилнинг  биринчи ярмида 958 та мурожаатлар бўлган. Таҳлиллар шуни кўрсатаяптики, алимент, таълим, иш билан таъминлаш, электр, сув, масалаларида мурожаатлар кўплиги даражаси сақланиб қолмоқда. Тумандаги мажбурий ижро бюроси, бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ариза, шикоятларни ўрганишлар сусткашликка йўл қўйилаётгани таъкидланди.
Йилнинг ўтган олти ойи давомида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар бўйича туман ИИБ бошлиғи М.Қўзиев ҳисобот берди. 
-  Очиғини айтиш керак. Жиноятчилик ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бир қадар ошган, - деди М.Қўзиев. – Қотиллик, фирибгарлик, енгил тан жароҳати етказиш, номусга тегиш сингари жиноятларнинг ошганлиги профилактик тадбирлар тўғри ташкил этилмаганлиги оқибатидир. Йил охиригача бу каби салбий ҳолатларга барҳам бериш учун жамоатчилик билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилади. Жиноятларнинг аксарияти тунда содир бўлаётганини ҳисобга олиб, ходимларнинг тунги навбатчиликлари кучайтириляпти. Автомобиль йўллари, фуқаролар гавжум бўладиган объектларга видео кузатув воситалари ўрнатиш йўлга қўйилади.
Туман прокуротураси маълумотларида акс этганидек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар кўлами бўйича муатазам ахборот бериб борилмоқда. Мониторинг натижаларига кўра Илм маҳалласидаги 51-сонли мактабгача таълим муассасаларини таъмирлашда ишлар сифатсиз бажарилган, ҳудуддаги олавий поликлиникаси биноси қурилиш ишлари ҳам сифатсиз бажарилган. Шунингдек, Тўрттом маҳалласидаги “Бурганли” оилавий поликлиникасида 5 миллион 117 минг сўмлик ички сувоқ ишлари, 116-мактабни мукаммал таъмирлашда 9,8 миллион сўмлик қурилиш ишлари сифатсизлиги аниқланиб, камчиликлар жойида бартараф этилди. 
Сессияда туман бандликка кўмаклашиш маркази директори У.Шукуров, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М.Санақулова, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари У.Назаровларнинг ёшлар бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятида учраётган долзарб муаммолар, ҳудуддларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, бюджет даромад базасини кўпайтиришга доир ҳисоботлари ҳам тингланди.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM