Назорат тадбирларида кўплаб қонунбузарликлар фош бўлмоқда

 Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида истеъмолчиларнинг электр энергиясидан қарздорлигини тугатиш, муддати ўтган қарзи бор юридик шахсларни тармоқдан ажратиш чоралари кўрилмоқда.

Айни йўналишда ишлаб чиқилган манзилли дастурга асосан, туман электр таъминоти корхонаси масъул ходимлари иштирокида ишчи-гуруҳ тузилган бўлиб, улар томонидан жойларда режали назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Бирламчи ҳисоб-китоблар “Болдир” маҳалласида жойлашган “Самандар Дилноз” оилавий корхонаси электр энергияси истеъмолидан 1 227 246 сўм муддати ўтган қарзи борлигини кўрсатди. Ажабланарли томони, жорий йилнинг 26 февраль санасида ўтказилган назорат тадбирида ҳам мазкур корхона электр энергияси истеъмоли учун тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлиги сабабли тармоқдан ажратилган. Аммо маълум вақт ўтгач тадбиркор қарзини тўлиқ узмасдан туриб, ўзбошимчалик билан яна тармоққа уланиб олган.

Ишчи гуруҳ ушбу ҳолат бўйича далолатнома тузаётган вақтида тадбиркор қарзини бир неча кунда узишини, хатосини тушунганлигини айтди. Бироқ, бугунгача бўлган барча огоҳлантириш, олиб борилган тушунтириш ишларидан кейин ҳам электр тармоғига ноқонуний уланган “ишбилармон”га ишониб бўладими. Энди унинг қайта ҳисобланган қарзи 7 747 683 сўмни ташкил этади. Корхонанинг электр таъминоти қарз тўлиқ тўланиб, истеъмолчининг ҳисобида мусбат кўрсатгич бўлгандан кейингина тиклаб берилади.

“Бўстон” маҳалласида жойлашган “Мамадолиев Бегзод Тохирович” хусусий корхонасида бўлганимизда истеъмолчи электр ҳисоблагичнинг алоқа модулини олиб қўйганлиги аниқланди. Бу ҳаракат билан у қарздорлигини яшириш ва онлайн тизим орқали электр тармоғидан автоматик ажратилишнинг олдини олмоқчи бўлган. Далолатномада ҳар икки ҳолат қайт этилиб, корхона биноси электрдан ажратилди.

Бир неча кун давомида ишчи-гуруҳ томонидан 20 дан ортиқ ташкилотлар фаолияти ўрганилиб, жами 545 млн 521 минг сўм қарздорлик бўйича далолатномалар тузилди. Хусусан, “Чимбой Сарчашмаси” ФХга 70 млн, “Аббос Мадина Сервис” МЧЖга 47 млн, “Голден Оил Бест” МЧЖга 28 млн, “Жамшид Бунёдкор” МЧЖга 32 млн, “Чандир Ёнғоқзор Узимзори” фермер хўжаликларига 157 млн сўмга яқин муддати ўтган қарз ҳисобланиб, тегишли чоралар кўрилди.

Айтиш жоизки, айни кунда кўплаб истеъмолчилар электр тармоғига ноқонуний ёки электр ҳисоблагичсиз уланиб, тўловларни четлаб ўтишга уринмоқда. Ҳолбуки, улар қонун доирасида иш тутиб, электр энергияси истеъмоли учун ҳисоб-китобни ўз вақтида амалга оширганида бу каби катта қарздорлик сўммаси келиб чиқмаган, ташкилоти электрсиз қолмаган бўлар эди. Бошқа истеъмолчилар бундан тегишли хулоса чиқаришади, деган умиддамиз.

Назорат тадбирлари давом этмоқда.

 

Э. МАМАСОЛИЕВ,

Паст Дарғом тумани электр таъминоти корхонаси бошлиғи.

2015-2021 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM