Пастдарғомликларда ичимлик суви муаммо бўлмайди

        Президент ташрифида билдирилган таклифлар одамлар турмуш тарзида ўз аксини топади

         Туманда 353,2 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг 245,6 мингдан ортиғи ёки 73 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. 107 минг нафардан кўпроқ аҳоли алтернатив манбалар орқали ичимлик сувидан фойдаланади.

         Тўғри, марказлашган ичимлик суви билан таъминланган ҳудуд сонини ошириш бўйича муайян чоралар кўрилмоқда. Мисол учун, ўтган йили Зангибойи, Боғишамол ва Тозқултон маҳалласида янги сув иншооти қуриш учун бюджетдан қўшимча маблағ ажратилди. Натижада, 650 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланди.

         Аммо 25 фоиздан кўпроқ аҳолида тоза ичимлик суви таъминотида муаммо сақланиб қолмоқда.

         - Агар бурғулаш техникаси бўлса маҳаллий бюджет имкониятлари билан барча маҳаллаларимизни ичимлик суви билан таъминлашимиз мумкин, - деди туман ҳокими Ш.Худайбердиев давлатимиз раҳбарининг Самарқандга ташрифи давомида вилоят фаоллари билан ўтказган йиғилишида.

         Бундай омилкорликдан президентнинг ҳам кайфияти кўтарилиб, давлат дастурларига қараб қолмайдиган бу таклиф эртасигаёқ ҳал бўлишини билдирди.

         - Дарҳақиқат, бир сутка ўтмасдан замонавий бурғулаш техникаси келтириб берилди, - дейди туман “Сувоқова” давлат унитар корхонаси бошлиғи Раҳим Одиров. – Бу билан йил якунигача 40 га яқин маҳаллада янги сув иншооти ҳамда 80,2 километр тармоқ қуриш имконига эга бўлдик.

         Шу ўринда маълумот учун айтиш мумкинки, тегишли мутахассислар билан ўрганилиб, 4 та маҳаллада дастлабки ишлар бошлаб юборилди. Худо хоҳласа, босқичма-босқич барча маҳаллаларда марказлашган ичимлик сув таъминоти йўлга қўйилади.

         Йиғилишда давлат раҳбаридан бевосита ичимлик суви билан боғлиқ яна бир масалада ёрдам сўралди.

         - Жума шаҳрида 6500 дан зиёд хонадонда 40 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади, - деди тумандаги 28-сон ихтисослаштирилган мактаб интернати директори Зиёда Ишмуратова. - Шаҳримизда кўп қаватли уйлар ҳамда ишлаб чиқариш корхонлари сони йил сайин ортиб ортиб боряпти. Бу эса Жума шаҳрида канализация муаммосини келтириб чиқармоқда.

         Агар канализация тармоғи ташкил этилса, ишлаб чиқариш корхоналарининг янада кўпайиши, урбанизациянинг ўсишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади. Энг муҳими, иқтисодий инфраструктура ривожланиб, ортиқча харажатлар иқтисод қилинади ва ер ости ичимлик сувлари экологик тозалиги сақланган бўлар эди.

         Бу масалада ҳам ташрифдан сўнг тегишли мутахассиялар томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижалари бўйича Жума шахарчасида 22,5 километр оқова тармоғи тортиш ва 1 та оқова сувларини тозалаш иншооти қуриш, Чархин шаҳарчасида 14 километр оқова тармоғи тортиш ва 1 та оқова сувларини тозалаш иншооти қуриш режалаштирилган. Дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича қарийб 30 миллион долларлик лойиҳага халқаро молия институтлари маблағларини жалб этиш кўзда тутилган.

         Дарвоқе, давлат раҳбарига қилинган мурожаат асосида жорий йилда Жума шаҳрида 15 та 5 қаватли жами 500 га яқин хонадонга мўлжалланган уй-жойлар қурилишига рухсат берилди.

2015-2024 © Пастдарғом туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM