Аҳолини рўйхатга олишда сифат ва самарадорлик кўрсаткичларининг долзарблиги

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5655-сон Фармонига мувофиқ республикамизда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланди.

Аҳолини рўйxатга олишни юксак даражада самарали амалга ошириш учун ушбу фаолиятнинг тайёргарлик босқичида аҳоли тўғрисида маълумотлар йиғилишида юзага келадиган xатолар сонини камайтириш, натижаларнинг ишончлилигини ошириш ва рўйxатга олиш xаражатларини камайтириш мақсадида барча рўйxатга олиш жараёнларининг услубий ва теxнологик қўлланмаларини ишлаб чиқиш зарур. Бунинг учун аҳолини рўйxатга олиш услубиятини ишлаб чиқиш ва уни ўтказиш усулларини аниқлаш лозим.

Ҳозирги вақтда аҳолини рўйxатга олишни ўтказиш рўйхатга олувчилар томонидан аҳоли тўғрисида маълумот йиғиш усули билан амалга оширилиши ҳамда рўйxатга олиш марказлари томонидан шаxсий маълумотларингизни ҳимоя қилиш ва аxборот xавфсизлиги талабларини бажариш шарти билан сиз ўзингиз ҳақингизда маълумотни ўзингиз xоҳлаган ҳолда мустақил равишда қайд этишингиз мумкинлиги режалаштирилган.

БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар тавсияларига кўра аҳолини рўйхатга олиш бўйича асосан қуйидаги ёндашувлар мавжуд:

I. Анъанавий усул.

Анъанавий усулда, асосан респондент билан бевосита боғланиб сўровнома (электрон ёки қоғоз шаклда) тўлдириш орқали амалга оширилади. Мазкур рўйхатга олиш сўровномаси йилма-йил янгиланиб борилади.

Анъанавий усулнинг афзалликлари:

- аниқ бир даврга аҳоли тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар шаклланади;

- ҳудудлар ва категориялар бўйича турли хил маълумотлар шаклланади.

Анъанавий усулнинг камчиликлари:

- иш ҳажмининг кўплиги;

- харажатлар миқдори кўплиги;

- кўп ишчи кучи талаб этилиши;

- юқори малакали рўйхатга олувчилар талаб этилиши.

БМТ Статистика комиссияси маълумотларига кўра, 2010 йил аҳолини рўйхатга олиш даврида Африка ва Лотин Америкаси минтақасида (100% давлатлар) тўлиқ, Осиё (84%), Шимолий Америка (67%), Европа (50%) минтақаларида кўпгина давлатлар анъанавий усулдан фойдаланган.

Ўз ўрнида, 2020 йил аҳолини рўйхатга олиш даврида Лотин Америкаси минтақаси давлатларининг 80%и, Африканинг 61%и, Осиёнинг 54%и, Шимолий Американинг 33%и, Европанинг 24%и анъанавий усулдан фойдаланиши режалаштирилмоқда.

II. Идоравий маълумотлардан фойдаланиш усули.

Идоравий (аҳоли регистри) маълумотлардан фойдаланиш усули турли идораларда мавжуд бўлган электрон маълумотлар базасидан  фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Идоравий маълумотлардан фойдаланиш усулдаги афзалликлар:

- харажатлар кам бўлади;

- аҳолини рўйхатга олиш даврийлигини ўзгартириш имконияти мавжуд (ҳар 10 йилда шарт эмас, исталган муддатда).

Идоравий маълумотлардан фойдаланиш усулидаги камчиликлар:

- узоқ муддат талаб этади;

- идоравий (аҳоли регистри) маълумотлар таркиби турличалиги сабали давлатлараро солиштиришда қийинчликларга дуч келинади;

- қонунчиликдаги ўзгаришлар идоравий маълумотлар ўзгаришига сабаб бўлади.

Мазкур усулдан 2010 йил аҳолини рўйхатга олиш даврида Шимолий Америка минтақасидан 33 % давлатлар ва Европа минтақасидан 23 % давлатлар фойдаланган. Ҳусусан, Голландия, Исландия, Жанубий Корея, Норвегия, Швеция, Словения, Дания ва Финландия давлатлари шулар жумласидан.

Ўз ўрнида, 2020 йил аҳолини рўйхатга олиш даврида Шимолий Американинг 33 %, Европанинг 32 %, Лотин Америкасининг 5 %, Африка ва Осиёнинг 4 % давлатлари идоравий маълумотлардан фойдаланиш усулидан фойдаланиши режалаштирилмоқда.

III. Аралаш усул.

Аралаш усулда бир вақтнинг ўзида анъанавий ва идоравий маълумотлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Аралаш усулдаги афзалликлар:

- анъанавий усулга нисбатан респондентлар учун юкламанинг камлиги;

- идоравий (аҳоли регистри) маълумотлардаги камчиликларни суровнома тўлдириш орқали олинган маълумотлар билан тўлдирилади;

- идоравий (аҳоли регистри) маълумотларга нисбатан кўрсаткичларнинг аниқлик даражаси юқори;

- аҳоли регистри маълумотлари мазкур давлатда бўлиши шарт;

- бошқа идоравий маълумотлар (солиқ, ижтимоий, ишсизлик
ва бошқа) базаси бўлиши талаб этилади.

Аралаш усулдаги камчиликлар:

- анъанавий усулга нисбатан тайёргарлик кўриш жараёни узоқ вақт талаб этади;

- идоравий (аҳоли регистри) маълумотлар билан сўровнома натижаси бўйича шакллантирилган маълумотлар орасида фарқлар келиб чиқиши натижасида маълумотларни қайта кўриб чиқиш талаб этилади.

Аҳолини рўйхатга олиш тадбири иқтисодий жиҳатдан бизга нима беради?

Биринчидан, аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларни (ялпи ички маҳсулот, аҳоли даромадлари, саноат маҳсулоти ҳажми, истеъмол маҳсулотлари ҳажми, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар ҳажми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари) ҳисоблашда фойдаланилади.

Иккинчидан, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот манбаи сифатида хизмат қилади.

Учинчидан, аҳоли пунктларининг инфратузулмасини яхшилашда, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқишда ишлатилади.

Бундай маълумотлар ижтимоий-иқтисодий жараёнларни олдиндан баҳолаш, бандлик соҳасидаги сиёсатни белгилаш, ижтимоий сиёсат
ва аҳоли саломатлиги бўйича дастурларни яратишда, шунингдек давлат ҳокимияти органларининг вазифаларини бажариши, илм-фан
ва жамиятни ахборот билан таъминлаш учун зарурдир.

Табиий савол туғилади, аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар қайси молиявий манбалар ҳисобига қопланади?

Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясига мувофиқ аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларига ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун кўзда тутилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.

Президент фармони билан тасдиқланган концепция 8 та боб, 29 та банддан иборат бўлиб, унинг ҳар бирида масъул ташкилотларга тегишли вазифалар белгилаб қўйилган. Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича ваколатли орган эса Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳисобланади. 

Аҳолини рўйхатга олиш баробарида яна бир муҳим вазифани бажариш кўзда тутилган. Бу – ҳудудларда хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш билан боғлиқ масала. Турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони, ҳолати, фойдаланилмай ётган ёки муддатини ўтаган биноларни белгилаб олиш билан тегишли ҳудудларда уй-жой, саноат объектларини қуриш ва таъмирлаш масалаларига ойдинлик киритиш мумкин бўлади. Бир сўз билан айтганда республиканинг янги мукаммал кадастр харитаси яратилади.

Шундай қилиб, ҳукумат олдига яна бир муҳим вазифалар қўйилди. Уларни муваффақиятли ва тўлақонли бажариш билан Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти, шаҳари, туманидан тортиб маҳалласи-ю кўчасига, чекка қишлоқ ва олис овулларигача алоқадор бўлган барча маълумотларни ўзида акс эттирган ягона ахборот базаси яратилади. Бу қимматли маълумотлар эса бизга бугун, эртага ва яқин келажакда жуда асқотади. Зотан, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилаётган кўп йиллик дастурлар, амалга оширилаётган тизимли ўзгаришлар ва белгилаб олинаётган режалар манзил аниқ бўлсагина юқори самара беришига шак-шубҳа йўқ.

 

 

Пастдарғом туман статистика бўлими

 

2015-2020 © Хокимият Пастдаргомcкого района. Разработан в: SAKTRM