Бир гуруҳ нуронийларнинг мурожаати

Ғурури баланд, ор-номусли, эл ишига дахлдорлик ҳисси устун

бўлган Пастдарғом аҳлига

М У Р О Ж А А Т

 

         Азиз пастдарғомликлар! Шу кеча-кундузда туманимизда Президентимиз яратиб берган шароитлар ва бевосита вилоят ҳокимининг ёрдами билан амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларидан барчангиз хабардор. Кейинги 30 йилда биринчи марта 100 километрдан ортиқ асосий йўллар асфальт қилинди. Тумандаги 20 километрдан ортиқ йўлларга тунги замонавий ёриткич чироқлари ўрнатилди. Яна кўплаб ижтимоий-иқтисодий объектларда бунёдкорлик ишлари жадал давом эттирилмоқда. Буларнинг бари сизу бизнинг бир ёқадан бош чиқариб ишлаётганимизнинг самараси.

Бугун фермерларимиз машаққат билан етиштирган 50 минг тоннадан ортиқ пахта ҳосили далаларда чаман бўлиб очилиб турибди. Муҳим бу саноат хомашёси ўз вақтида саранжомлаб олинса, туманнинг иқтисодий салоҳияти янада ортади. Келгуси йилда ҳам кўплаб ижтимоий муаммолар ечимини топади, 150 километрдан ортиқ ички йўллар асфальт қилинади.

Кузнинг бир куни ҳам ғанимат. Шунинг учун туманимизда
5-30 октябрь кунлари “ЗАРБДОР 25 КУН” эълон қилинди. 18 минг гектар ерда табиат ноқулайликларига қарамай етиштирилган ҳосилни шу муддатда йиғиштириб олиш эвазига кўзланган маррага эришамиз. Бугун минглаб пастдарғомликлар терим отрядлари сафларига қўшилишаяпти. Теримда баракали меҳнат қилиб, бир кунда 150-160 минг сўмгача меҳнат ҳақи олаётганлар сафи тобора ортаяпти. Зеро, биринчи теримда 1 килограмм терилган пахта учун 900 сўм, иккинчи теримда 1200 сўмдан нақд пул дала бошида тарқатилади.

Азизлар! Бугун ҳар куни Пастдарғомнинг улкан хирмонига 4-5 минг тонна пахтани саранжомлаб олиш имконияти бор.

Бунинг учун 18 ёшдан юқори 180 минг нафардан ортиқ меҳнатга лаёқадли фуқаролардан иш билан банд бўлмаган, элга нафи тегишини, оиласига даромад киритишни истаганлар терим отрядлари сафига қўшилиш керак.

“Арғамчига қил қувват” дейишади. Тумандаги нуронийлар, ҳожи ота, ҳожи оналар ҳам ёшларга ўрнак бўлиш учун далага отланган. Оталар, оналар бош қўшган ишдан ор-номусли фарзандлар четда турмаслиги азалий ҳақиқат. Аминмизки, шундай долзарб вақтда четда турмайдиган, кексаларни эъзозлаган, ҳурмат қилган ҳар бир хонадонда бу ишга бош қўшадиган ғурурли ёшлар бор.

Сизларни далага отланиб, терим отрядлари сафида шижоат кўрсатишга, қалб амри билан муътабар инсонларга муносиб фарзанд эканликларингизни далаларда исботлашга чақирамиз.

 

Пастдарғом "Нуронийлар" жамғармаси, Пастдарғом "Маҳалла" жамоат фонди,  имом-хатиблари ва бир гуруҳ ҳожи ота ва ҳожи оналар!