8-Март Халқоро хотин-қизлар байрами

Ассалому алайкум, азиз опа-сингиллар!

Муҳтарама онахонлар!

Қадрли тадбир иштирокчилари!

         Мустақил Ўзбекистонимизда Она табиат қайта чирой очаётган, баҳорнинг илиқ шабадаси эса бошлаган мана шундай ажойиб кунларда барчамиз, энг аввало азиз онажонларимизни, опа-сингилларимизни, гўзал қизларимизни 8 март – Хотин-қизлар байрами билан табриклашга ошиқамиз.  Сўз бойлигимиздаги энг самимий ва ҳароратли сўзлар билан муҳтарама аёлларга чуқур ҳурматимизни изҳор этамиз. Чунки бу айём қалбимизда Сизларга бўлган чексиз меҳримиз, ҳурматимизни изҳор этиш учун катта имконият беради. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг аёлларимизга қарата “Яратганнинг бебаҳо мўжизаси бўлган аёлларимиз, қадрли оналаримиз, меҳрибон рафиқаларимиз, мунис опа-сингилларимиз, севимли қизларимиз ва набираларимиз ҳаётда бизга барча тўсиқларни енгиб ўтиш, олдимизга қўйган мақсадларимизга эришиш йўлида доимо ғамхўрлик қилиб, ҳамиша чексиз ишонч, куч ва мадад берадилар!” деб алоҳида урғу билан таъкидлаб ўтганларининг ўзи мамлакатимизда аёлларга бўлган чуқур эҳтиромдан дарак бериб турибди.

Қадрли опа-сингиллар!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишларни ташкил этиш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга қаратилган.   Хабарингиз бор, ушбу фармон билан жорий йилдан бошлаб Зулфия номидаги мукофот олувчи қизларимиз сони кўпайди.    Бундан ташқари, фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди.  Оила институтларини мустаҳкамлаш, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш каби вазифаларни бажариш мақсадида “Оилаилмий-амалий тадқиқот марказлари ташкил этилди.  Жамият ва давлат ҳаётида фаол ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оила фаровонлигига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизларимиз учун “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди.   Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда хотин-қизларнинг турмуш шароитларини янада яхшилаш борасида ислоҳотлар муттасил давом этмоқда.

Азиз ва муҳтарам хотин-қизлар!

Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг кўрсатмалари билан туманимизда 2019 йилда  кам таъминланган ва ногиронлар учун мўлжалланган 
29 та уйларнинг бошланғич тўловлари туман давлат бюджетидан тўлаб берилганлиги, энг аввало, минглаб хотин-қизларимиз – оилаларнинг гулдек бекалари учун қулай ва муносиб шароит яратади.

Сиз аёлларнинг ўрнингиз нафақат кундалик турмушимизда, балки жамиятнинг муҳим бўғинларида ва жамоат ишларида кундан-кунга намоён бўлмоқда.   Бугунги кунда ўнлаб депутат аёлларимиз маҳаллий кенгашларда халқ вакиллари бўлиб, ҳокимлик ва давлат бошқарув органларида эркаклар билан елкама-елка туриб эл-юрт манфаати учун жонбозлик билан хизмат қилаётганини ҳурмат билан эътироф этамиз.   Бугун туманимизда  176498 минг нафар хотин-қизлар истиқомат қилиб, ҳозирги кунда улар Халқ таълими тизимида, олий таълим муассасалари ва илм-фан соҳасида, маданият ва спортда, соғлиқни сақлаш ҳамда Мактабгача таълим муассасалари тизимида  меҳнат қилаётган  хотин-қизлар зиммасига жондан азиз фарзандларимизнинг таълим-тарбиясидек масъулиятли вазифаларда ҳеч кимдан қолишмасдан фидойилик кўрсатиб меҳнат қилиб келишмоқда.  Бундан ташқари маҳалла фаоллари, хусусан, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаётган жонкуяр хотин-қизларимиз тумандаги 106 та ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида беқиёс ҳисса қўшиб келаётгани барчамизни қувонтиради.  Мана шундай ҳурматли аёлларимиз бугун ҳам даврамизга янада файз бағишлаб турибди.

Муҳтарама опа-сингиллар!

         Ушбу муҳташам залимизга кўрку латофат бағишлаб ташриф буюрган, хонадонларимизга файзу барака, ҳаётимизга меҳру муҳаббат улашиб келаётган азиз аёллар!  Барча-барчангизни ёшлик ва яшариш, гўзаллик тимсоли бўлган баҳорнинг биринчи кунларида нишонланаётган қутлуғ байрам — Халқаро Хотин-қизлар куни билан  яна бир бор самимий муборакбод этишга ижозат бергайсизлар!  Албатта, аёлларимизнинг ушбу гўзал айёми бугун бутун дунёда кенг нишонланмоқда, аммо Шарқнинг бебаҳо анъаналарига мос равишда юртимизда меҳри дарё оналаримиз, севимли аҳли аёлларимиз, азиз опа-сингилларимизнинг бу байрами қадимий урф-одатларимиз, баҳор байрамлари билан уйғунлашиб, ўзгача тароват касб этган.   Шарқона иззат-икром билан тилга олинадиган ўзбек аёлининг муқаддас сиймоси Барчиной ва Тўмарислар, Бибихоним ва Нодирабегимлар, Увайсий ва Зулфияхонимлар тимсолида янада улуғворлик касб этади. Сиз азизларнинг эса юртимиз равнақи йўлидаги фидокорона меҳнатингизга омад, ўзингизга соғлик-омонлик тилайман. Баҳор даракчиси бўлган гўзал байрамингиз яна бир карра қутлуғ бўлсин! Барча эзгу орзу-ниятларингиз амалга ошсин! Сизларни ажойиб байрам билан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва кўнгил хотиржамлигини тилаймиз. Доимо элу юртимиз ардоғида бўлинг!

Эътиборингиз учун раҳмат!

2015-2024 © Хокимият Пастдаргомcкого района. Разработан в: SAKTRM