Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҚАРОРИ

Халқимиз учун эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи ҳисобланган муборак Рамазон ойининг ижтимоий ҳаётимиздаўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик

муҳитини янада мустаҳкамлаш борасидаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда ҳамда муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, унинг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғояларини кенг тарғиб этиш, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида:

2018 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 17 май кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини азалий анъана ва қадриятларимиз руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширсин.

Жойларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган эзгу ғоялар, динимиз арконларини эъзозлаш, ҳозирги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилишга, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган маърифий тадбирлар ва тарғибот ишлари ташкил этилсин.

Ушбу муқаддас ойда ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг зиёратгоҳларини, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилсин.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                    Ш.Мирзиёев

                                                                                              

Тошкент шаҳри, 2018 йил 11 май

2015-2024 © Хокимият Пастдаргомcкого района. Разработан в: SAKTRM