“Smart маҳалла” жорий этилишидан мақсад нима? Унинг қандай афзаллик ва қулайликлари мавжуд?

Мамлакатимизда биринчилардан бўлиб Самарқанд вилоятида жорий этила бошланган “Smart маҳалла” ахборот дастурининг вазифалари ва аҳамияти нималардан иборат? Ушбу ахборот дастури аҳолига қандай қулайликлар яратади? Шу кунларда синов тариқасида жорий этилган дастур қачон тўлақонли  ишлай бошлайди?

Шу ва бошқа саволларга Самарқанд вилоят ИИБда ташкил этилган матубот анжуманида бошқарманинг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фозил Сатторов жавоб қайтарди.

Таъкидланишича, Президент Шавкат Мирзиёевининг 2021 йил 26 мартдаги “Жамоат хавфсизлигини таьминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонига асосан Ички ишлар вазирлигига “Smart маҳалла” ахборот тизимини яратиш вазифаси юклатилган эди.

Фармонга кўра ушбу ахборот дастури қуйидаги функцияларни амалга ошириши белгиланган:

  • Аҳолини  профилактика инспектори билан ўзаро тезкор мулоқотини йўлга қўйиш;
  • профилактика инспекторига масофадан туриб мурожаат юбориш;
  • мурожаатни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш;
  • мурожаатни кўриб чиқиш натижаси бўйича профилактика инспекторлари ва сектор раҳбарлари фаолиятига баҳо бериш.

Кўриниб турганидек, “Smart маҳалла” ахборот тизимини қўллашдан асосий мақсад фуқароларга масофадан туриб электрон хизматларни кўрсатишдан иборат.

Шу кунларда “Smart маҳалла” ахборот тизимининг бошланғич версияси тайёрланиб, синов тариқасида Самарқанд вилоятида жорий этилди.

Фуқаро “Smart маҳалла” мобил ахборот тизимини ўз смартфонига юклаб олади. Бошқача қилиб айтганда, у ўз маҳалласи кезимида тизимда рўйхатдан ўтади. Фозил Сатторов фуқаро тизимда мавжуд 9та функциядан фойдаланиш имкониятига эга бўлишини уқтириб, уларни бирма-бир санаб ўтди. Булар қуйидагилардир: 

“Менинг маҳаллам” менюсида маҳалла раиси, маҳалла демографик маълумотлари ва бириктирилган сектор раҳбари, шунингдек маҳалла идораси ва сектор штабининг геожойлашуви ҳақидаги маълумотларни олиш, сектор фаолиятига баҳо бериш;

“Менинг инспекторим” менюсида маҳалла профилактика инспектори ҳақидаги асосий маълумотларни ва ҳуқуқ-тартибот масканининг геожойлашуви тўғрисидаги маълумотларни олиш, шунингдек профилактика инспекторига баҳо бериш;

“Ҳудуд гео-харитаси” менюсида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари, маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар ҳақидаги маълумотларни ҳудудлар кесимида, давр оралиғида кузатиш;

“Давлат органларига мурожаат” менюсидаги ҳаволалар орқали давлат органларининг сайтларини юклаб, зарурий ахборотлар билан танишиш ва ушбу органларга ўрнатилган тартибда мурожаат ёллаш;

“Қидирувдаги ва бедарак йўқолган шахслар” менюсида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қидирув эълон қилинган ва бедарак йўқолган деб топилган шахслар ҳақидаги сўнгги маълумотларни кўриш;

“Секторга мурожаат” менюси орқали сектор томонидан кўриб чиқишга ваколат берилган масалалар юзасидан мурожаат юбориш ҳамда кўриб чиқиш натижасини кузатиб бориш;

“Болани масофадан назорат қилиш” менюсида ота-оналарга таълим муассасаларининг турникет, ГПС-трекер ва кузатув камералари тизимларига уланган ҳолда фарзандларини назорат қилиб бориш;

“Менинг ҳужжатларим” менюсида фойдаланувчига тегишли шахсни тасдиқловчи ва бошқа ҳужжатларни (ID-карта, манзил варақаси, паспорт нусхаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, суғурта полиси ва бошқалар) Ички ишлар вазирлигининг тегишли маълумотлар базаларига мурожаат қилган ҳолда олиш, уларни дастурнинг сервердаги хотирасида сақлаш, турли қурилмалар орқали рўйхатдан ўтиб юклаш ҳамда давлат хизматларидан фойдаланиш жараёнида реал вақт давомида тақди этиш;

“SOS” менюси “101”, “102”, “103”, “104”, “1050” ва “1173” қисқа рақамларига шошилинч хабар ёллаш, шунингдек “102” тизими орқали мурожаат ижроси доирасида жалб этилган куч-воситаларни жойлашуви ва ҳодиса жойига қараб ҳаракатланишини реал вақт давомида кузатиб бориш.

“Кўриниб турганидек, “Smart маҳалла” ахборот дастурининг вазифаси аҳолига енгиллик яратишдан иборат бўлиб, унинг ишлаш принципи очиқлик сиёсатини юритишга, фуқароларнинг тегишли давлат органларига мурожаат қилишларидаги жараёнларни максимал тарзда автоматлаштиришга қаратилган”, – деди Ф.Сатторов.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

2015-2024 © Хокимият Пастдаргомcкого района. Разработан в: SAKTRM