Келинг, 53 минг тонна пахта хирмонини яратиш учун бирлашайлик

Шунқор Худайбердиев Паст Дарғом тумани ҳокими:

         – Кеча Пастдарғом нуронийлар жамғармаси, Пастдарғом маҳалла жамғармаси,  имом-хатиблари ва бир гуруҳ ҳожи ота ва ҳожи оналарнинг "Ғурури баланд, ор-номусли, эл ишига дахлдорлик ҳисси устун бўлган Пастдарғом аҳлига қилган мурожаатномасини ўқидим. Унда туман раҳбари қолаверса, шу юртнинг фарзанди сифатида мени ўйлантираётган бир масала, яъни деҳқонларимизнинг минг машаққатлар билан етиштирган пахтасини нес-нобут қилмасдан қисқа фурсатда йиғиштириб олишга чорлаган.

         Дарҳақиқат нуронийларимизнинг хавотирланиши асосли, бойиси бу йил ёғингарчилик эрта бошланди. Туманимиз далаларида 53 минг тонна хосилга эга пахта очилиб турибди. Келинг, азизлар, кимдир 18 ёшга тўлгану, вақтинчалик ишсиздир, кимдирнингдир ишдан сўнг бўш вақти бор шартнома асосида теримчилар сафига қўшилайлик. Ахир бу икки томонлама фойдаку. Фермер хосилини йиғиб олади, сиз оила учун қўшимча даромад қиласиз. Хабарингиз бор бу йил биринчи теримдаги 1 килограмм пахта учун 900 сўм, иккинчи теримнинг 1 килограми учун 1200 сўм меҳнат ҳақи тўланади. Агар бир киши бир кунда 100 килограм пахта терса, бу 90 минг сўм бўлади.

         Теримчилардан хол сўраш учун пахта даласига борганимда, белига этак таққан нуронийларни кўриб аввалига хижолат бўлдим, кейин ғурурландим. Ахир Паст Дарғомда шундай фидойи инсонлар бор. Кексалик гаштини суриш керак бўлган бу нуроний отахонлар халқ манфаатини ўйлаб ўз хоҳиши билан пахта далаларида юрибди. Биз ҳам шу отахонларнинг ортидан эргашайлик.

         Албатта, мен сизга ишонаман бу ҳайирли ишга бош қўшасиз!         

2015-2024 © Pastdarg‘om tumani hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM