Виждонан айтинчи, шу фермер далада ишлашга лойиқми?

Kun.uz интернет нашрида жорий йилнинг 26 сентябрида “Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозирлар”. Паст Дарғомда 25 йиллик фермернинг далалари тартибга зид равишда тортиб олинган” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Аввало, мақолани тайёрлаш жараёнида муаллифлар фермер хўжалиги билан ер ижара шартномаси бекор қилганлиги тўғрисида туман ҳокимлигидан, бу масала бўйича масъуллардан маълумот олмаганлиги ажабланарли.

Агарда шундай йўл тутилганида биринчидан адолатли иш қилинган бўлар эди. Қолаверса, масаланинг моҳияти аниқлаштирилиб, туман ҳокимлигини ёмонотлиқ қилинишига зарурат қолмаган бўларди.

Қайд этиш ўринлики, “Тараққиёт” фермер хўжалиги давлатга пахта топшириш режасини кейинги уч йилда бирор марта бажармаган. Мисол учун, хўжаликда 2016 йилда 77,3 тонна ўрнига 54,3 тонна пахта терилган. Яъни, белгиланган режа 70,3 фоизга бажарилган, 2017 йилда эса режа 80,7 фоизга уддаланган, яъни давлатга 69,4 тонна ўрнига 55,9 тонна пахта топширилган. 2018 йилда пахтани 30,6 фоизга бажарган, яъни режадаги 85,9 тонна ўрнига 26,3 тонна пахта териб олинган. Бундан ташқари АТБ “Агробанк” Гўзалкент филиалидан пахтага берилган имтиёзли кредитдан 34 миллион  996 минг сўм, солиқдан 31 миллион 631 минг сўмлик  мавжуд қарздорликни ҳозиргача тўламаган.

Хўш, шундай ҳолатда қайси адолат бузилган? Бузилган ҳам дейлик унда Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддаси 7-бандида ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилиниши нима учун белгиланган?

Гўза ниҳоллари жиддий парваришни талаб қилиб турган ўша пайтда ерни фермердан иқтисодий суднинг қарори билан олиниши кутилса, ер янги эгасини топгунча неча кун ўтади? Шусизҳам етилишга кўра бошқа ғўза ниҳолларидан ортда қолаётган, қаровсиз ётган 77 гектардаги пахтанинг тақдири нима билан тугайди. Қолаверса, ерни олиб ҳам ҳеч ким чўнтагига солиб кетгани йўқ. Ишини эплай олмаётган фермердан олиб, бугунги кунда кенг жорий этилаётган кластрга қўшиб берилди.        

Эълон қилинган мақолада “Хўш, чорак асрдан бери ерга меҳрини бериб, ҳалол меҳнат қилиб келаётган фермер чапак чалиб қолаверадими?” дейилган. Ваҳоланки фермернинг ўзи “Тўғри, қилган харажатларимни қоплаб беришди.”, деган гапидан кейин бу саволга ўрин қолдимикан?

“Икки гектар ерда пахтани бегона ўт босганини баҳона қилиб, дея Даврон Ғайимовнинг ўзи ҳам дангасалигини, йил яхши келиб, ҳосил мўл бўлсагина даромад оладиганлар тоифасидан эканлигини тан олиб турибдику.

Аслида у айтгандай 2 гектар эмас кўп ерни ўт босган,  Энг ачинарлиси, пахта экилган далаларга мутлақо эътибор берилмаган, ерга қилиниши керак бўлган огротехник ишларни гапирмаса ҳам бўлади. Буни қуйидаги жорий йилнинг 13 июнида олинган фотосуратлар ҳам ифодалаб турибди.

Яна бир гап мақолада фермер “Мен ҳар гектаридан 90 центнердан етиштирилган ғалла ҳосилимни ҳам йиғишга улгурмадим”, деган. Ўтган йиллардаги ҳисоботларда 25 йиллик фермер фаолияти давомида ҳали бирор марта 80, борингки 70-75 центр ҳосил олмасдан, бирдан 90 центнер ҳосилни ололмай қолдим дейиши қайси мантиққа тўғри келади. Буни ўша пайтда олинган айрим жойлари пайҳон бўлган, айрим жойларини ўт босиб ётган ғалла майдони акс этган суратлар ҳам исботлаб турибди. Экинга қўйилган сув эгат охирида “кўлчалар” ҳосил қилгани ҳам собиқ фермернинг қанчалик “иштиёқ” билан меҳнат қилганига исбот эмасми?

Видео-интервю жараёнида мухбир “Уларнинг эккан пахталари айни пайтда қийғос очилиб турибди”, дея таъкидлаган. Тўғри агар ер фермердан кластерга олиб берилмаганда эди мухбир айтгандай пахталар бугунгидай қийғос очилиб туриши даргумон эди. Таҳририятга бир эътирозимиз бор шу ерда кеч бўлсаям тинимсиз меҳнат қилиб, ғўзани шударажага етказган “Самарқанд Камалак инвест текстил” кластерига рахмат айтиб қўйиш унитилган. Аксинча мухбирнинг гапларидан ғўзани шу даражага етказган собиқ фермер Даврон Ғайимов бўлиб чиқаяпти. Бу борада «Самарқанд камалак инвест текстел» МЧЖ кластери корхонасидан бириктирилган вакил Холмурод Жомуродов шундай дейди.

Мақолада “Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозирлар дастидан деҳқонлар далага кира олишмаяпти”, дейилган. Шунингдек, видео-интервьюда собиқ фермер Даврон Ғайимов ишчиларга меҳнат ҳақини беролмай қолгани ҳақида куюнчаклик билан гапирган. Фермер нега ери кластерга бериб юборилгач ишчилар ҳақида ўйлаб қолди. Аслида олдин ҳам қилган меҳнатига ҳақ ололмаганидан фермер хўжалигини ташлаб кетган ишчилар ҳам борку.

Энди айтингчи, шунда ҳам Даврон Ғайимовга ерлари қайтариб берилиши керакми? Боқи-беғам кайфияти билан ерни, давлатни, халқни алдаган фермерга яна ишонч билдириш керакми?

Пастдарғом тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.

2015-2019 © Pastdargom tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: