ПАСТДАРҒОМ ТУМАН ҲОКИМИНИНГЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ 26 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИГИ

ПАСТДАРҒОМ ТУМАН ҲОКИМИНИНГЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ 26 ЙИЛЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН

ТАБРИГИ

 

Ассалому алайкум, муҳтарам ватандошлар!

Сизларни, сизлар орқали бутун туманимиз аҳолисини бугунги улуғ айём – Конституциямиз қабул қилинганлигининг 26 йиллик байрами билан самимий қутлайман.

Бугун Конституциямизнинг 26 йиллик байрами тантанасида, Асосий қонунимизни яратишда унутилмас хизмат қилган инсонлар номини чуқур ҳурмат билан тилга оламиз.

Мустақил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 1990-йилда тузилган Комиссиянинг икки йиллик машаққатли меҳнати натижасида 1992 йил 8 декабрь куни Олий Кенгаш сессиясида қабул қилинди.

Ўтган даврда мамлакатимиздаги ислоҳот ва ўзгаришларнинг барчаси Конституциямиз асосида амалга оширилмоқда. Бу унинг ҳақиқатан ҳам халқимиз манфаатларига, давлатимизнинг стратегик мақсадларига тўла жавоб берадиган, мукаммал ва пухта ишланган муҳим ҳужжат эканлигидан далолат беради.

 

Қадрли ватандошлар,

 

Бугун биз якунига етиб бораётган 2018 йилни кузатар эканмиз, йил давомида бошимиздан кечирган қувончли ва ташвишли кунларни, юртимиз ҳаётидаги муҳим ва унутилмас воқеаларни беихтиёр хаёлимиздан ўтказишимиз табиийдир.

Туманимизнинг 21 миллатдан иборат, 350 мингга яқин аҳолиси “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” да турли соҳаларда юрт равнақи йўлида кенг қамровли ишларни амалга оширишда фаол қатнашмоқдалар.

Жумладан: Туманимиз жорий йилда 10 млн. долларлик турли маҳсулотлар экспорт қилиб, йиллик режани 84 фоизга бажараётган бўлса, туманда 8271 та янги иш ўринлари яратилиб, йиллик режа муддатидан олдин 100 фоизга бажарилди.

 2018-йилда 8 та умумтаълим мактаблари, 5 та мактабгача таълим муассасаси, 9 та болалар спорти объектлари, 2 та Соғлиқни сақлаш объектларини қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган бўлиб, режа 100 фоизга бажарилди. Шунингдек, 2018 йил манзилли дастур бўйича бюджет маблағлари ҳисобидан тумандаги 46 км йўллар таъмирланди, ҳудудларга 51 та янги трансформаторлар ўрнатилиб, 78,6 км электр тармоқлари янгидан тортилди, аҳоли шахсий маблағлари ҳисобидан 2,2 км табиий газ, 2,1 км ичимлик суви тармоқлари янгидан тортилди, 6 та сув иншоотида курилиш ишлари бошланди, 5 та эгасиз сув иншоотлари таъмирланди.

Жорий йилда дастур асосида 205 та арзон намунавий уй-жойлар қурилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 157 та намунавий уй-жойлар фуқароларга фойдаларишга топширилди.

“Обод қишлоқ” дастури асосида “Қушқудуқ” маҳалласида
83-сонли умумтаълим мактаби филиалини реконструкция қилиш,
75 ўринли мактабгача таълим муассасаси қурилиши, “Қушқудуқ” маҳалласи “Зарбдор” қишлоғидаги қишлоқ врачлик пункти биносини мукаммал таъмирлаш ҳамда 1 та сув иншооти қуриш ва 5 км сув тароғи тортиш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, Пахтакор маҳалласида 100 ўринли мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилиш, “Мевали” қишлоғидаги қишлоқ врачлик пункти биноси ва 1 та сув иншоотини реконструкция қилиниб, 1 км сув тармоғи тортилди.

 

Ҳурматли дўстлар!

 

Кейинги икки йилда нафақат туманда, балки республикамизда ўтказилаётган танловлар, фестиваллар, имтиёзли кредит тизими, моддий ва маънавий рағбатлантириш шакллари, барча-барчаси ёшларимиздаги иқтидорни кучайтириш, ривожлантириш, уларни комил инсонларга айлантиришга қаратилган. Шунинг учун туманимиз ёшлари энг замонавий касб-ҳунарларни ўзлаштириш билан бирга, спорт майдонларида, санъат соҳасида юртимиз шаънини тараннум этмоқдалар. Айниқса, спортчи ёшларимиздан 3 нафари спортнинг енгил атлетика тури бўйича ва яна 3 нафари спортнинг кураш тури бўйича Республика миқёсида туманимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар.

Бундай ўғил-қизларни кўриш аждодларимизга армон эди. Бизга эса уларни кўзларимиз билан кўриб, бағримизга босиш ва пешоналаридан ўпиш бахти муяссар бўлди.

 

Қадрли ватандошлар!

 

Йигирма олти йил – тарих учун бир лаҳза, холос. Бу даврда Ватанимиз жаҳонда муносиб ўрин эгаллаб, улкан тараққиёт йўлини босиб ўтмоқда. Ана шу машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни, энг аввало, Конституциямиз билан боғлашимиз, бежиз эмас. Чунки Асосий қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди.

Президентимиз таъкидлаганларидек, “ ... фуқаролар ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этишлари зарур”. Шу сабабли биз ўз фаолиятимизни «Буюк келажагимиз бугундан бошланади» деган шиор асосида ташкил этишимиз, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш учун бор куч ва салоҳиятимизни ишга солишимиз, тараққиётимизнинг янги босқичига қадам қўяр эканмиз, салоҳият ва имкониятларимизни холис баҳолаш билан бирга, хато ва камчиликларимиздан тегишли хулосалар чиқариб, жаннатмонанд юртимиздаги тинчлик-омонлик, хотиржамликнинг қадрига етишимиз учун дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ибрат назари билан боқмоғимиз зарур.

Сизларга она Ватанимиз равнақи йўлида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларингизда каттадан-катта муваффақиятлар, мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга файзу-барака, тинчлик-тотувлик тилайман.

Амалга ошираётган эзгу ишларимизнинг самараси ва ҳосилидан баҳраманд бўлиш барчамизга насиб этсин.

2015-2024 © Pastdarg‘om tumani hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM