Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

Туман ҳокими Ш.Ф.Худайбердиевнинг 2019 йил Наврўз-умумхалқ байрами тантанали маросимидаги

Т А Б Р И К  С Ў З И

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Қадрли тантана иштирокчилари!

Шу кунларда табиатнинг янгиланиши ва яшилликка бурканиши қадимий ва энг севимли, умумхалқ байрамимиз Наврўз яқинлашиб қолганидан дарак бермоқда.

Албатта, Наврўз азалдан тинчлик, бағрикенглик, саховат ва              меҳр-мурувват рамзи бўлиб келган. Шу боис ҳам нафосат тимсоли бўлган ушбу байрамни барчамиз орзиқиб кутамиз.

Наврўз кунлари қадимдан қўни-қўшни ва муҳтожларга эҳсонлар берилган. Маҳалла-кўй, қариндош-уруғ бир-бирининг ҳолидан хабар олиб, беморлар зиёрат қилинган.

Сумалак пишириш асносида кайвони оналар туни билан ёшларга достонлар ва ибратли ривоятлар айтиб беришган.

Буларнинг ҳаммаси одамларни жипслаштириб, бир-бирларига нисбатан меҳр ва мурувватни янада мустаҳкамлаган.

Собиқ шўролар тузуми сиёсатчилари ана шу жиҳатлари учун ҳам Наврўзни йўқотмоқчи бўлганликларини кўпчилик яхши эслайди.

Мустақиллик йилларида Наврўз мазмунан бойиди, халқимизнинг қадим маданияти, эзгу фазилатлари тимсолига айланиши билан бирга, миллати, дини ва ирқидан қатъий назар, шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаро интизорлик билан кутадиган севимли байрамга айланди.

ЮНЕСКО томонидан Наврўз инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани, 21 март “Халқаро Наврўз куни”, деб эълон қилингани ҳам шундан далолат беради.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович ҳам бу байрамни ўзгача рухда ўтказиш мақсадида қабул қилган Қарорларида халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятларини, унинг олижаноб орзу-интилишларини ўзида мужассам этиб, қадим аждодларимиздан бизга ўлмас мерос сифатида безавол ўтиб келаётган Наврўзи олам мамлакатимизда яшаётган миллати, тили ва динидан қатъий назар, барча ватандошларимизни орзиқиб кутадиган умумхалқ байрамига айланганини алоҳида таъкидлаганлар.

Байрам ва шодиёналарга тайёргарликни, аввало ободончилик, тозалик, кўкаламзорлаштиришдан бошлашга одатланган халқимиз бу йил ҳам анъанага амал қилинган ҳолда байрам арафасида маҳаллаларда, кўчаларда ўтказилган ҳашарларда фаол иштирок этдилар.

Азиз юртдошлар!

Мана шундай шукуҳли кунларни қанчадан-қанча ота-боболаримиз, аждодларимиз орзу қилишгани барчамизга яхши маълум.

Муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган қатъий ва одилона сиёсат туфайли ҳар бир фуқаро ўзи хоҳлаган соҳада меҳнат қилиб, ўз оиласи бағрида фаровон яшамоқда.

Инсон эркинлиги ва бахтли турмуш кечириши кафолатланган замонда ҳар бир фуқаро учун шинам яшаш шароитига эга бўлиш имконияти йилдан-йилга ошмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ҳаракат қилган одам кунини кўраяпти, ҳеч кимдан кам бўлмасдан умргузаронлик қиляпти.

Атрофимизда кечаётган воқеаларга теран назар ташлаб, оиласини, қариндош-уруғларининг бошини бириктириб, Ватан ва халқ манфаати учун ҳисса қўшишга ундаётган оила бошлиқларига, маҳалла аҳлига миннатдорчилик билдирамиз.

Бугун дунёда рўй бераётган хунрезликлар ва нотинч вазият эса барчамизни осойишта кунларнинг қадрига етишга, уни қўлимиздан келганча асрашга ҳисса қўшишга чорлайди.

Ҳаётда вақтинча адашган, орзу-ҳавас ва фароғатни ўзга юртдан излаб ўзи, ота-онаси ва қариндошлари юзини ерга қаратаётган Ватандошларимиз бир ҳақиқатни чуқур англашларини истардик: ўз туғилиб ўсган юрти, муқаддас тупроғи қадрига етган одам ҳеч қачон кам бўлмайди.

Ота-боболаримиз бошидан кечирган энг оғир очарчилик, ҳатто қаҳатчиликдаям борига шукур қилиб, ризқини шу заминдан излаган ва яратишган.

Қадрли тантана қатнашчилари!

Наврўз кунларида фақат яхшиликлар ҳақида гапирилади, Яратгандан қут-барака тилаб, ишга киришилади.

Бу йил ҳам ҳар йилгидан кам бўлмаган режалар белгиланиб, ишлар бошланган.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, йўлларни тартибга солиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Ўтган йили туманда намунавий лойиҳалар асосида 205 та уй-жой барпо этилган бўлса, бу йил 188 та янада қулай ва арзон уй-жойлар курилиши олиб бориляпти.

Қурилиши мўлжалланган 14 та ижтимоий соҳа объектлари, янги мактаб, соғлиқни сақлаш иншоотлари, мусиқа ва санъат мактаблари шаҳар ва қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшиши табиий.

Ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмасдан вояга етиши учун 2019 йилда 8 та болалар спорти объектлари фойдаланишга топширилади.

  Бундан ташқари, Жума шаҳрининг Нодирабегим кўчасидаги қурилиш, ободонлаштириш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Умаман олганда Жума шаҳар марказини қайта қуришга, уни ёшартиришга алоҳида эътибор қаратдик.

Қадрли байрам иштирокчилари!

Буюк Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий, Махдуми Аъзам, Хўжа Аҳрори Вали каби зотларга муносиб авлод бўлишга бел боғлаган туманимиз ёшлари орасида  34 нафар Халқаро, 78 нафар Республика мусобақалар чемпионлари, 44 нафар фан, таълим, маданият ва санъат соҳасида ўтказилган халқаро кўрик-танловлар ғолиблари борлиги барчамизда фахрланиш туйғуларини уйғотади.

Катта умид ва ишонч билан ҳаётга кириб келаётган, ўз фикрига, замонавий билимларга эга бўлган иқтидорли, интилувчан ўғил-қизларимиз сафи кундан-кун кенгайиб бормоқда.

Азизлар!

“Яхши йил – кўкламидан маълум”, дейди доно халқимиз. Айниқса, бу йилги баҳор файзли бошланди.

Табиатдаги ажиб уйғониш, янгиланиш инсон руҳиятига ҳам кўчмоқда. Қуёш заминни қиздириб, деҳқонларни далаларга ҳар доимгидан эрта чорлади.

Кўнглига эл дастурхонини тўкин қилишдек эзгу мақсадни туккан, ҳар йилгидан улкан хирмонларни бунёд этишга бел боғлаган бобо-деҳқонлар ва миришкорлар аллақачон даласига чиқиб, ерга барака уруғини қадай бошладилар.

Келинг, ушбу фурсатда 17 минг 391 гектарда ғалла парваришлаётган, 16 минг 904 гектар майдонга пахта, 798 гектарга   мева-сабзавот экиш арафасида турган дала заҳматкашларининг ишларига унум, хирмонларига барака тилайлик.

Муҳтарам байрам тадбири иштирокчилари!

Азиз-авлиёлар, олиму фузалолар, буюк саркардалар хоклари қўним топган Самарқандда илм-фан, маданият ва санъат ҳар доим қадрланган ва ривож топган.

Азиз Пастдарғомликлар ва туманимиз меҳмонлари!

Наврўзда бобо Қуёш ҳамал буржига киради, кун ва тун тенглашади, ҳаво илиб, дарахтлар гулга, қир-адирлар кўм-кўк либосга бурканади.

Пиру бадавлат отахону онахонларимиз эса шу кунларда юртимизга файз-барака, омонлик сўраб шукроналик келтирмоқдалар.

Илоҳим, бугунги фаровонлик ва тўкин-сочинликнинг бардавом бўлишини тилаб чин дилдан қилинган дуоларимиз ижобат бўлсин.

Мамлакатимиздаги тинчликка кўз тегмасин.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз – тадбир иштирокчиларини, Сиз орқали бутун туманимиз халқини Наврўз байрами билан самимий муборакбод этамиз.

Наврўзимиз ҳар бир оила, ҳар бир хонадон, бутун юртимизга бахт-саодат олиб келсин.

Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

 

2015-2024 © Pastdarg‘om tumani hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM