ЖАСУР РАЗВЕДКАЧИ БЎЛГАН

Фашистлар Сталинградни ишғол қилиш учун тўрт томондан ўраб келган. Бутун полк хавф остида. Қуршов халқаси тобора торайиб бораётган вазиятда штаб бошлиғи Балтанов мени ҳузурига чақирдида, "Ўртоқ Ҳусаинов, кўраяпсиз, вазият оғир. Душман халқасини тезда ёриб ўтмасак, қамалда қоламиз. Бутун умидимиз разведкадан", - деганди. Ерда тизза бўйи қор, қаҳратон бўрон. Мен бошчилигимда 13 нафар резведкачи немис горнизони томон йўл олдик. Ярим йўлда учга бўлиниб, тепаликка эмаклаб бордик. Бутерлакин, Уч киши сергаклик билан мўлжалланган манзилга етдик. Фашист навбатчиси пулемётга суяниб, хуррак отарди. Ўлжасини кўрган шердек унинг устига ўзимни ташладим. Шерикларим билан аскарни тинчитдик. Шунда қўққисдан яна икки немис соқчисига кўзимиз тушди. Уларга сездирмасдан, бир-биримиз билан имо-ишора қилиб гаплашдик. Чаққон ҳаракат қилиб, иккаласини ҳам қўлимиз билан оғзини ёпдик ва бўйнидан бўғдик. Уларни асир олиб, штабга келтирдик. Ўша немис аскарларидан керакли маълумотларни олдик ва тунда ҳужумга киришдик. Албатта, бу жангда биз енгиб чиқдик ва кўплаб немис аскар ва офицерларини асир олдик. Ўшанда мен "Шуҳрат ордени" билан мукофотландим, - дея бизга ҳаёт мамот жанг таассуротларини сўзлаб берганди раҳматли Отамурод Ҳусаинов.

1917 йил ҳозирги Фурқат маҳалласида таваллуд топган Отамурод Ҳусаинов ота-онасидан жуда эрта етим қолди. У бир муддат тоғаси Султонмурод отанинг қарамоғида, сўнгра болалар уйида тарбияланди. Тўлиқсиз ўрта маълумотга эга бўлиб, Самарқанд шаҳридаги педакадемия¬га ўқишга кирди. 1939 йил академияни тугатиб, қишлоқ мактабида ўқитувчилик қила бошлади. Ўша йилнинг баҳорида кўнгиллилар сафида ҳарбий хизматга кетди. О.Ҳусаинов Украинанинг Житомир шаҳрида ҳарбий хизматни ўтаб қайтмоқчи бўлиб турганида, иккинчи жаҳон уруши бошланди. У сафдошлари билан Луцкий шаҳрида фашист газандаларига қарши чиққан. Чаққонлиги, зийраклиги билан қуролдошлари эътиборига тушган қаҳрамонимиз 277-ўқчи дивизиядаги 846-артеллерия полкининг разведка взводи командирининг ўринбосари бўлиб хизмат қилади. 1550 кун кеча-ю кундуз душманга қарши жасорат билан жанг қилган Отамурод Ҳусаинов уч юздан ортиқ қишлоқ ва шаҳарларни озод қилишда қатнашди.

Кўкси жанговор орден ва медалларга тўлиб қайтган О.Ҳусаинов ўзини маориф фронтига сафарбар этди. У бутун умрини ёш авлодга таълим-тарбия беришга бағишлаб, тумандаги 15-мактабда ўқитувчи, илмий бўлим мудири ва 25 йил директор вазифасида фидокорона меҳнат қилди. Отамурод бобо турмуш ўртоғи Бибигул момо билан биргаликда 10 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. У 1995 йил 78 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди. Ҳа, О.Ҳусаинов сингари бугунги фаровон турмушимиз, тинчлигимиз учун ҳаёт мамот жангга киришиб, суронли кунларни бошдан кечирган қаҳрамонлар хотираси то абад халқимиз қалбида сақланиб қолади.

 

 

Абдураззоқ ТУРДИҚУЛОВ.

2015-2024 © Pastdarg‘om tumani hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM