“ПРЕЗИДЕНТ АРЧАСИ” ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ

Image_tadbir: 

Йил поёни – 29 декабрь куни “Гранд осиё” маънавий-маърифий тадбирлар масканида тумандаги 180 нафардан ортиқ кам таъминланган оилалар фарзандлари учун “Президент арчаси” тадбири ўтказилди.

 

– Қорбобо! Қорбобо! Қорбобо!
Болажонларнинг ана шундай ҳаяжонли чақириқлари билан даврага Қорбобо ва Қорқиз ташриф буюрди. Барча кўнгилларга хурсандчилик бахш этган Қорбобо болажонларни янги 2019 йил билан қутлаб совға-саломлар улашди. Тадбирда иштирок этган туман ҳокими Б.Садуллаев ҳам барчани янги йил билан табриклади.

– Мамлакатимизда келажак авлод вакиллари доимий эътиборда, - деди ҳоким. – Чунки билимли, истеъдодли фарзандлари камолга етаётган юртнинг келажаги буюкдир. Шунинг учун ҳам, азиз болажонларимиз таълим-тарбия олиши, қобилиятларини жаҳон ареналарида намоён этиб, диёримиз шон-шарафига ҳисса қўшишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Бундай ғамхўрликка нисбатан Ватанга муносиб фарзандлар бўлиб етишишингизга ишонамиз. Давлатимиз раҳбари янги йилда сизларга эзгу тилакларини билдириб, байрам совғалари йўллаган.

Байрам дастурхонидаги ширинликлар, маззали таомлардан баҳраманд бўлган болажонларни Қорбобо ва Қорқиз даврага чорлади. Шеър ўқиш, топишмоқлар топиш, чиройли рақс ижро этиш танловларига меҳмонлар баҳо беришди.
– Энг кўп топишмоқни жавобини топганим учун Қорбобо тақдирлади, – деди тадбир иштирокчиси Севинчой қўлидаги совғаларни кўз-кўз қилиб.

– Қорбобо сеҳргар экан, кўнглимдаги ниятни дарров илғади, – болажонлардан яна бири. – Энг кўп шеър айтганим учун бир даста китоб совға қилишди. Таътил дамлари энди мириқиб ўқийман.
Меҳрдан шодликка тўлган кўнгилларнинг бундай дил изҳорлари бисёр бўлди. Таниқли санъаткорлар Равшан Тўхтаев, Бекмурод Сафаров ва бошқа хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар болажанлар учун даврага чорлов бўлди. Тадбир сўнггида, барча болажанларга ҳокимлик ва ҳомийларнинг совға-саломлари улашилди. 48 нафар болалар эса янги йил тадбирида Президент совғаларига мушарраф бўлишди.

 

 

2015-2024 © GOVERNMENT OF PASTDARGOM DISTRICT. Maked by: SAKTRM